Ўзбекистонда жойлардаги давлат ҳокимияти тўғрисидаги қонуннинг янги таҳрири муҳокама қилинмоқда

Дата: 16:46, 08-06-2016.

Тошкент. 8 июн. ЎзТАГ – Ўзбекистонда “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳокама қилинмоқда. Тошкентда бўлиб ўтган “давра суҳбати” ана шу мавзуга бағишланди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Тадбир мамлакат Вазирлар Маҳкамаси томонидан БМТ Тараққиёт Дастурининг “Маҳаллий бошқарув тизимини қўллаб-қувватлаш/2-босқич” лойиҳаси томонидан ташкил этилди.

БМТТД хабар қилишларича, амалдаги “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги қонун 1993 йил 2 сентябрда қабул қилинган бўлиб, бугунги кунга мос эмас. Хусусан, амалдаги қонунда республика ва маҳаллий вакиллик органлари ўртасидаги жавобгарлик ва ваколатлар аниқ чегараланмаган. Маҳаллий халқ депутатлари Кенгаши ва ҳокимлар ваколатлари батафсил кўрсатиб ўтилмаган.

Шунинг учун ҳам қонун лойиҳасида жойлардаги давлат ҳокимияти органлари мавқеини кучайтириш, халқ депутатлари маҳаллий Кенгаши ишини мувофиқлаштирувчи ва йиғилишлар оралиғида халқ депутатларига кўмакловчи доимий органни яратиш каби масалаларни ҳал қилиш кўзда тутилган.

Қонун лойиҳасига “жойлардаги давлат ҳокимияти органлари фаолиятининг иқтисодий асослари” тушунчасини аниқлаб берувчи алоҳида модда киритилди. Шу билан бирга ушбу тушунчанинг асосий элементи сифатида ҳудудларни ривожлантириш стратегияси ва унинг ўрта муддатли бюджетлаштириш билан боғлиқлигини кўрсатиб ўтиш тавсия этилди.

Қонуннинг янги таҳрирда қабул қилиниши жойлардаги давлат ҳокимияти органларининг ролини сезиларли даражада оширади, уларга номарказлаштирилган ваколатлар доирасида республика ҳокимият органларига мурожаат қилмасдан, мустақил равишда давлат бошқаруви билан боғлиқ масалаларни ўз вақтида ечиш, устувор йўналишларни аниқлаш ва ресурсларни маҳаллий шарт-шароит ва эҳтиёжлардан келиб чиққан ҳолда тақсимлаш имконини беради.

Янгилик билан ўртоқлашиш: