Ўзбекистонда журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ташкил этилади

Дата: 17:24, 28-05-2018.

Тошкент. 28 май. ЎзТАГ – Ўзбекистонда олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги тизимида Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ташкил этилади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) давлат раҳбарининг матбуот хизматига таянган ҳолда.

Бу Ўзбекистон президентининг 2018 йил 24 майдаги қарори билан кўзда тутилган.

Ҳужжат “ҳозирги тез ўзгараётган глобаллашув даврида журналистиканинг ўзига хос хусусиятлари, тарихий тараққиёти, бугунги ҳолати ва истиқболини чуқур ўрганиш” мақсадларида қабул қилинган.

Янги ОТМ оммавий ахборот воситалари соҳаси учун журналист кадрлар, ўқув жараёнига замонавий ахборот технологиялари ва масофавий таълимни жорий этиш, соҳа ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, талабаларни мазкур йўналишларда илмий фаолиятга жалб қилиш, педагогик салоҳиятни ошириш ва ҳ.к. билан шуғулланиши кутилмоқда.

Янги университетга абитуриентлар тест имтиҳони ва ижодий имтиҳон (суҳбат) асосида қабул қилинади.

Ҳужжатга мувофиқ, янги ОТМ очилиши муносбати билан 2018/2019 ўқув йилидан бошлаб ЎзМУ ва ЎзДЖТУда “Журналистика” таълим йўналиши ва унинг негизидаги магистратура мутахассисликлари, шу жумладан, “Олий журналистика курслари” бўйича қабул тўхтатилади ҳамда ушбу таълим йўналиши бўйича таълим олаётган талабалар ўқишни битиргунларига қадар мазкур олий таълим муассасаларида ўқишини давом эттирадилар.

2019/2020 ўқув йилидан бошлаб янги университетга талабаларни бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари бўйича қабул қилиш сони ҳар йили белгиланган тартибда тасдиқланадиган квоталаридан келиб чиққан ҳолда белгиланади.

Янги ОТМ пойтахтнинг Юнусобод туманидаги собиқ Дизайн укасб-ҳунар коллежи биносида жойлашади.

Эслатиб ўтамизки, ЎзМАА маълумотига кўра, Ўзбекистонда 1500 ортиқ турли ОАВ фаолият юритмоқда, улардан 300 ортиғи интернет-ОАВдир.

Сурат манбаи: https://news.sputnik.ru/obschestvo

Янгилик билан ўртоқлашиш: