Ўзбекистонда ZoodMall электрон онлайн майдончаси ишга туширилади

Дата: 14:35, 13-02-2018.

Тошкент. 13 феврал. ЎзТАГ – 2018 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистонда ZoodMall янги электрон онлайн майдончаси ишга тушириш режалаштирилмоқда, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Ўзбекистон почтаси” АЖ маълумотига кўра, янги электрон онлайн майдонча ишлаб чиқариш компаниялари ва дилерлар ўз молларини воситачиларсиз сотиш имкониятини беради.

Майдончанинг очилишига февралда Ўзбекистон миллий почта оператори “Ўзбекистон почтаси” АЖ ва Швейцариянинг “ZOODEL” компанияси ўртасида имзоланган ўзаро англашув меморандуми асос бўлади.

Икки ширкатнинг ҳамкорлиги товарларни мобил иловалар ёрдамида ZoodMall сайтига жойлаштириш, бу ерга жойлаштирилган товарларни халқаро В2В савдо майдончалари бўлмиш eBay, AliExpress, Lazada, Cdiscount ва ҳ.к. орқали харидорларга танитишга имкон беради.

Шунингдек, ўзбек ишлаб чиқарувчилари учун дастурда бепул рўйхатдан ўтиш ҳам кўзда тутилмоқда.

“ZoodMall мобил иловаси ўзбек тадбиркорларига хориж бозорларида (300 миллиондан ортиқ харидор) онлайн савдосини ташкил этишда қулай имкониятлар яратиб беради. Ўзбекистон истеъмолчилари энг яхши нархларда сотадилар, Ўзбекистон миллий почта оператори эса сифатли етказиб беришни ўз зиммасига олади”,- деди ZOODELнинг МДҲ бўйича бош директори С.Муҳамедалиев.

Эслатиб ўтамизки, ZOODEL – “Ипак йўли” мамлакатлари (Россия Федерацияси, Қозоғистон, Арманистон, Озарбайжон, Грузия, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Ўзбекистон, Туркия, Ливан, Афғонистон, Покистон, Эрон, Ироқ ва Хитой) билан савдони соддалаштирувчи етакчи В2В онлайн майдончасидир.

Сурат манбаи: http://atyrau.atameken.kz/ru/news/28051-razvivaj-svoj-biznes-posredstvom-interneta

Янгилик билан ўртоқлашиш: