Ўзбекистондаги 2014 йилги парламент сайловлари пухта ташкил этилган – ЕХҲТ ДИИҲБ Чекланган миссияси

Дата: 16:36, 25-02-2015.

Тошкент. 25 феврал. ЎзТАГ – Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси томонидан (ЕХҲТ ДИИҲБ) 24 февралда эълон қилинган якуний хисоботида Ўзбекистондаги 2014 йилги парламент сайловлари пухта ташкил этилган, деб хулоса қилинади. Ушбу ҳисобот ташкилот веб-саҳифасида инглиз тилида чоп этилди.

Элчи Даан Эвертс бошчилигидаги ЕХҲТ ДИИҲБнинг Чекланган миссияси 2014 йил 21 декабрда ўтказилган Олий Мажлис Қонучилик палатаси ва халқ депутатлари маҳаллий кенгашларига сайловларни кузатди. Миссия 12 кишидан иборат Тошкентда ишлаган асосий таркиб ва мамлакат ҳудудларида ишлаган 8 узоқ муддатли кузатувчилардан иборат бўлди.

Миссиянинг якуний ҳисоботида таъкидланишича, Марказий сайлов комиссияси ўз иши шаффофлигини ва жамоатчиликни сайловлар ҳақида хабардор қилиш даражасини ошириш учун чоралар кўрган.

“Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси сайловларга техник тайёргарликни компетент ташкил қилди ва қонунчиликда белгиланган муддатларга амал қилди”, – деб таъкидлайди экспертлар.

Миссия кузатувчиларини Ўзбекистон қонунчилигига киритилган ўзгартишларда ЕХҲТ ДИИҲБнинг олдинги тавсиялари ҳисобга олингани ўзига жалб қилди. Хусусан, тергов изоляторларида овоз бериш имконияти кўзда тутилди.

Миссия Ўзбекистон қонунчилигига мувофиқ, депутатликка номзодларнинг сайлов билан боғлиқ ҳаражатлари давлат томонидан қоплаб берилишини ҳам таъкидлади. Айни пайтда ўтган сайловларда молиялаштириш миқдори анча оширилган. Номзодлар ва сиёсий партиялар ўз сайловолди тадбирларини маҳалла қўмиталари ва сайлов комиссиялари кўмагида ўтказдилар. Сиёсий партияларнинг тарғибот тадбирлари, миссия кузатувчилари фикрига кўра, яхши ташкил қилинди.

Умуман, кузатувчилар фикрига кўра, овоз бериш ва уларни ҳисоблаш жараёни самарали ўтказилди. Улар томонидан ташриф буюрилган участкаларда сайловчиларнинг овоз бериши учун барча шароитлар яратилган бўлган.

ЕХҲТ ДИИҲБ миссияси кузатувчилари маърузасида ўтган парламент сайловларида аёллар ва этник камчиликлар вакилларининг фаол иштирокини юқори баҳолади. Хусусан, МСК 535 номзодни рўйхатга олди, улардан 170 (31,8%) аёллар, жумладан этник камчиликни ташкил қилганлар вакиллари бўлди.

Айни пайтда ҳисоботда ЕХҲТ ДИИҲБ Чекланган миссиясининг қатор тавсиялари, кузатувлар доирасида қайд этилган камчиликлар ҳам келтирилади.

Эслатиб ўтамизки, ҳозирда Ўзбекистонда ЕХҲТ ДИИҲБнинг Фавқулодда элчи Каетан де Зулуета бошлиқ Чекланган миссияси бўлиб, у президент сайловларини кузатишга киришди. Миссия таркибига 11 халқаро экспертлар, шунингдек, жойларда ишлаш учун 10 узоқ муддатли кузатувчилар кирган.

Янгилик билан ўртоқлашиш: