Ўзбекистондаги 2016 йилги статистика ҳисоботи лойиҳаларини муҳокама қилиш мумкин

Дата: 10:24, 21-09-2015.

Тошкент. 21 сентябр. ЎзТАГ – Ўзбекистон Давлат статистика қўмитаси Ягона интерактив давлат хизматлари порталида 2016 йилги статистика ҳисоботи лойиҳаларини муҳокама қилиш мумкинлиги ҳақида маълум қилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Шунингдек, лойиҳалар Давлат статистика қўмитасининг расмий сайтида жойлаштирилган бўлиб, уларга доир таклиф ва шарҳларини жорий йилнинг 10 октябрига қадар йўллаш мумкин.

“Барча берилган таклифлар кўриб чиқилади ва 2015 йилнинг ноябр ойида давлат статистика ҳисоботлари шаклларини тасдиқлаш босқичида максимал даражада ҳисобга олинади”, - дейилади қўмита хабарида.

Юқоридаги ишлар 2016 йил учун давлат статистика ишлари дастурини тайёрлаш доирасида, шунингдек, маълумотлар тайёрлаш тезкорлигини таъминлаш ва интерактив давлат хизматлари сифатини янада ошириш мақсадида амалга оширилади.

Ушбу мақсадларда республика ва ҳудудлардаги ижтимоий-иқтисодий жараёнларни, Ҳукумат қарорлари ва муҳим мақсадли дастурларнинг бажарилиш ҳолатини кузатиш учун зарур статистик-таҳлилий кўрсаткичларнинг таркиби таҳлил қилинди.

Бунинг учун Давлат статистика қўмитаси томонидан жорий йилда тегишли вазирлик ва идоралардан, илмий ва жамоат муассасаларидан, ҳудудий статистика органларидан давлат статистика ҳисоботлари ва танланма кузатув сўровномаларини соддалаштириш ҳамда бирхиллаштириш бўйича олинган таклифлар ўрганиб чиқилгани ҳам айтиб ўтилмоқда.

Янгилик билан ўртоқлашиш: