Ўзбекистондаги ҳар бир академик лицей ва профессионал коллежда ўқувчиларни қабул қилиш даврида маслаҳат марказлари ташкил этилади

Дата: 13:13, 29-05-2014.

Тошкент. 29 май. ЎзТАГ – Ўзбекистондаги ҳар бир академик лицей ва профессионал коллежда ўқувчиларни қабул қилиш даврида маслаҳат марказлари ташкил этилади, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ). Бу ҳақидаги маълумот Norma.uz сайтида жойлаштирилган.
Бунинг учун Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг қўшма қарори билан академик лицей ва касб-ҳунар коллежларининг маслаҳат марказлари тўғрисидаги Низом тасдиқланди.
Шу билан бирга, хужжатга кўра, Маслаҳат маркази аъзолари сони камида 5 кишидан иборат бўлади. Маслаҳат маркази фаолиятига таълим муассасасининг директори раҳбарлик қилади, марказ аъзолари таркибига таълим муассасасининг амалиётчи психологи ҳамда тажрибали педагоглари киритилиши лозим.
Маслаҳат маркази аъзолари таркиби таълим муассасаси директорининг буйруғи билан тасдиқланади. Мазкур буйруқ билан маслаҳат маркази масъул котиби ва аъзоларининг вазифалари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгиланади.
Марказларнинг асосий вазифаларига битирувчиларга касб-ҳунар танлаш бўйича маслаҳатлар ва таълим муассасасида мавжуд йўналишлар ва касблар тўғрисида маълумотлар бериш, қабул вақтида таълим муассасаси фаолиятига оид буклетлар, аудио-видео ва бошқа зарур материаллар тайёрлаш, бўлажак ўқувчиларни саралаш тест синовлари ўтказиладиган кунлар ҳақида хабардор қилиш, саралаш тест синови натижаларини эълон қилиш, битирувчиларнинг ҳужжатлари билан биргаликда шахсий ҳужжатлари йиғма жилдини шакллантириш кабилар киради.
Айни пайтда мазкур Низом ҳарбий академик лицейлар фаолиятига таалуқли эмас, дейилади хужжатда.

Янгилик билан ўртоқлашиш: