Ўзбекистондаги барча 4 сиёсий партиялар сайловчилар имзоларини йиғиш жараёнини давом эттирмоқда

Дата: 12:26, 02-02-2015.

Тошкент. 2 феврал. ЎзТАГ – Ўзбекистондаги барча 4 сиёсий партиялар президентликка кўрсатган номзодларини қўллаб-қувватлаш учун сайловчилар имзоларини йиғиш жараёнини давом эттирмоқда, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) Марказий сайлов комиссияси (МСК) сайтидаги маълумотга асосланган ҳолда.

Сиёсий партия томонидан МСКга тақдим этиладиган имзо варақаларида Ўзбекистон Республикасидаги сайловчилар умумий сонининг (20 млн. 798,052 минг) 5%дан (1,04 млн. атрофида) кам бўлмаган сайловчилар имзолари бўлиши, улар камида 8 маъмурий-ҳудудий бирлашмага тааллуқли бўлиши керак. Айни пайтда, битта маъмурий-ҳудудий бирлашма, ҳар бир вилоят ёки Тошкент шаҳрида сиёсий партия сайловчилар умумий сонининг 8% кўп бўлган имзоларни йиғиши мумкин эмас.

Сайловчилар бир вақтнинг ўзида фақат бир номзодни қўллаб-қувватлаб, бир марта имзо қўйишга ҳақлилар. Бунда сайловчи ўз фамилиясини, исми-шарифи, туғилган йилини (ёши 18 бўлса, қўшимча равишда туғилган куни ва ойини), яшаш жойи манзилини, паспортининг серияси ва тартиб рақамини, шунингдек имзо қўйган санани кўрсатади.

Имзо варақаси имзоларни тўплаган шахс ўз фамилияси, исми, отасининг исми, яшаш жойи манзили, паспортининг серияси ва тартиб рақами кўрсатилган ҳолда, тасдиқланади. Шунингдек, имзо варақаси тегишли сиёсий партиянинг туман, шаҳар тузилмаси раҳбари томонидан ҳам тасдиқланади.

Сайловчилар имзоларини тўплаш иш, хизмат, ўқиш ва яшаш жойида, сайловолди тадбирларида олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамизки, бундан олдин партияларнинг пленумлари ўтказилиб, уларда президент сайловларида қатнашиш ҳақида қарор қабул қилинган эди. Ўзбекистон Либерал-демократик партияси (ЎзЛиДеП) президентликка Ислом Каримов номзодини, Ўзбекистон Халқ демократик партияси ушбу партия Марказий Кенгаши раиси Ҳотамжон Кетмонов номзодини, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси парламентдаги партия фракцияси аъзоси, Ўзбекистон Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш миллий маркази директори Акмал Саидов номзодини, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси мазкур сиёсий партия ижроя қўмитаси раиси Наримон Умаров номзодини кўрсатган эди.

Ўзбекистонда бундан олдинги президент сайловлари 2007 йилда ўтказилган, унинг якунларига кўра Ислом Каримов 7 йил муддатга давлат раҳбари этиб сайланган эди. У мамлакатни 1989 йилдан бери бошқариб келмоқда. Қонунга мувофиқ, президент сайловларида 18 ёшга етган барча Ўзбекистон фуқаролари қатнашишлари мумкин. Сайловларда суд томонидан овоз беришга лаёқотсиз деб топилганлар, шунингдек, озодликдан маҳрум этиш жойларида бўлган шахслар қатнашмайдилар.

Республикадаги навбатдаги президентлик сайловлари 29 мартда бўлиб ўтади. Давлат раҳбари 5 йилга сайланади. Қонунчиликка мувофиқ, президентликка номзодларни илгари суриш овоз беришга 65 кун қолганда бошланади ва 20 кун давом этади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: