Ўзбекистондаги биринчи рационализаторлик фестивалида қандай ҳарбий инновациялар тақдим этилди

Дата: 16:41, 27-05-2019.

Тошкент. 27 май. ЎзТАГ – 25-26 май кунлари Тошкент ҳарбий округининг "Чирчиқ" умумқўшин полигонида "Ҳеч бир ижобий ғоя эътибордан четда қолмайди" шиори остида “Techno Discovery-2019” фестивали ўтказилди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

У мудофаа вазирлиги қўшинлари фаолиятига илмий-техник ва рационализаторлик ишланмаларини жорий этиш мақсадида ўтказилди.

"Ўзбекистон армияси тарихида илк бор ўтказилаётган кенг кўламли фестивалда уч юздан зиёд ҳарбий хизматчилар ўзларининг янгича ёндашувлар асосида яратилган и хтиролар, қурол-аслаҳа билан таъминланган техниканинг фаолиятига бир неча ўзгаришлар киритаётган, кўп йиллар давомида фойдаланилмаётган айрим қурилмаларнинг замонавий талабларига мослашадиган ишланмаларини тақдим этдилар", - дейилади Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати хабарида.

Қайд этилганидек, фестивалда мобил қўмондонлик-штаб пункти, десантлик ўқув-машғулот мажмуаси, масофадан туриб назорат қилиш қурилмаси, шунингдек, чақириққача ёшларни отиш кўникмаларини ривожлантириш учун мобил лойиҳалари намойиш этилди.

Бундан ташқари, кундалик ҳаётда фойдаланишга яроқли робот сув ости кемаси, 3D модели орқали роботнинг ҳаракатланиш дастурларини автоматик равишда яратиш тизими, одамнинг юз қиёфасини таниш орқали у ҳақида маълумотлар бериш дастури, зарарланган ҳудудлардан турли намуналар олиб келувчи робот, бир вақтнинг ўзида бир нечта аккумулятор батареяларини заряд қилиш учун модул ва бошқа кўплаб шу турдаги ихтиролар учун инновацион лойиҳалар намойиш этилди.

Фестивалда шунингдек, аккумуляторсиз ўт оладиган КамАЗ юк машинаси, узоқни нишонга олувчи тунги кўриш мосламаси, ҳарбий кадрлар билан ишлашда индивидуал ёндашувни кучайтиришга мўлжалланган дастурий таъминот ва шунга ўхшаш кўплаб янгиликлар намойиш этилади.

 

Сурат манбаи: mudofaa.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: