Ўзбекистондаги болалар боғчалари фермер хўжаликлари ва тадбиркорларга бириктирилади

Дата: 14:14, 20-12-2017.

Тошкент. 20 декабр. ЎзТАГ – Ўзбекистондаги болалар боғчалари фермер хўжаликлари ва тадбиркорларга бириктирилади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ушбу режалар 19 декабрда Тошкентда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида мактабгача таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларни таҳлил қилиш ва истиқболдаги вазифаларни белгилаб олишга бағишланган видеоселектор йиғилишида очиқланди.

“2017-2021 йилларга мўлжалланган Дастур асосида боғчалар қуриш ва реконструкция қилиш ишлари жадал давом эттирилади. 2018 йил давлат бюджетидан 427 боғчада қурилиш-таъмирлаш ишларини бажариш учун 771 миллиард сўм маблағ ажратилади”, - дейилади давлат раҳбари матбуот хизматининг хабарида.

Мирзиёевнинг сўзларига кўра, давлат-хусусий шерикчилик асосида янги турдаги мактабгача таълим муассасалари ташкил этилади.

“Боғчаларда болаларни соғлом овқатлантириш ва уларга берилаётган озиқ-овқат маҳсулотлари сифатини таъминлаш мақсадида уларни тўйдиришга ажратиладиган ўртача маблағ миқдори оширилади, барча турдаги болалар боғчалари фермер хўжаликлари ва тадбиркорларга бириктирилади”, - дейилади хабарда.

Бундан ташқари, 2018 йили мактабгача таълим муассасаларини Жанубий Корея тажрибаси асосида услубий ва дидактик ўйинлар, ўйинчоқлар, мебель ва бошқа техник воситалар билан таъминлаш меъёрлари ишлаб чиқилади.

Сурат манбаи: фото из открытых источников

Янгилик билан ўртоқлашиш: