Ўзбекистондаги фермер хўжаликлари кўптармоқли фермер хўжаликларига айлантирилади
Тошкент. 10 октябр. ЎзТАГ – Ўзбекистондаги фермер хўжаликлари кўптармоқли фермер хўжаликларига айлантирилади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Бу Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, қишлоқ хўжалиги экин майдонларидан самарали фойдаланиш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисидаги фармони билан кўзда тутилган.
Ҳужжатга мувофиқ, Ўзбекистон фермерлари кенгаши ўз зиммасига юклатилган вазифаларни етарли даражада бажара олмагани сабабли Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашига айлантирилди.
Ҳужжат билан 2018 йил ҳосилидан бошлаб фермер хўжаликларининг ер участкаларидан фойдаланиш самарадорлиги ҳар чоракда халқ депутатлари туман Кенгашларида, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг экин майдонларидан фойдаланиш самарадорлиги ҳар ойда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида муҳокама қилиб борилиши белгиланган.
Ушбу муддатдан бошлаб ер майдонларидан самарасиз фойдаланган, қишлоқ хўжалиги экинларини тўлиқ экмаган, агротехник тадбирларни ўз вақтида амалга оширмаган фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларига нисбатан ер участкаларига бўлган “ҳуқуқларнинг бекор қилинишигача бўлган қатъий жавобгарлик чоралари” кўрилади.