Ўзбекистондаги Гёте институт ёзги мактабга қабул эълон қилди

Дата: 15:35, 20-05-2016.

Тошкент. 20 май. ЎзТАГ – Гёте институтининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳамда “OXUS Culture” ташкилоти “Маданият соҳасидаги бошқарув” номли ёзги мактабга қабул эълон қилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Ёзги мактаб шу йилнинг 14-24 июнь кунлари Бухоро шаҳрида бўлиб ўтади. Ёзги мактаб дастуридан маданият соҳаси менежментининг замонавий услублари, жамоат билан ишлашнинг турли кўринишлари, лойиҳа амалиёти, ҳамкорлик алоқаларини яратиш каби мавзулар ўрин олган”, - деб таъкидлашди Гёте институтининг Ўзбекистондаги ваколатхонасида.

Бундан ташқари, иштирокчиларнинг мустақил ишларини мазмунан бойитиш мақсадида махаллий маданият муассасалари ва тарихий ёдгорликларга саёҳат уюштириш кўзда тутилган. Тажриба алмашиниш ва ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш мақсадида, халқаро доираларда маданият соҳасида фаолият олиб бораётган лойиҳа менежерлари билан учрашувлар ҳам дастурга киритилган.

Ёзги мактабда иштирок этиш учун эгаллаб турган лавозими, асосий маълумоти ва жинсидан катъий назар, 25 ёшдан 35 ёшгача бўлган, маданият ва санъат соҳасида камида 3 йиллик тажрибага эга бўлган мутахассислар таклиф этилади. 

Янгилик билан ўртоқлашиш: