Ўзбекистондаги Китоб шаҳрида Халқ кутубхонаси яратилди

Дата: 15:45, 11-04-2018.

Тошкент. 11 апрел. ЎзТАГ – Қашқадарё вилоятининг Китоб туманида Варганза халқ кутубхонаси ташкил этилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Бу ишга Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ва Халқаро пресс-клуб ўз ҳиссасини қўшдилар. Акция Амир Темур таваллудининг 682 йиллигига бағишланди.

“Халқаро пресс-клуб Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида амалга оширилаётган барча жабҳадаги ислоҳотлар жараёнига ўз ҳиссасини қўшишга бел боғлаган. Хусусан, ёшларимиз маънавиятини юксалтириш йўлида барча хайрли ишларга хайрихоҳдир”, - деб таъкидланади ХПК хабарида.

Кутубхона учун китоб йиғиш акцияси Халқаро пресс-клуб ташаббуси билан ташкил этилди. Ташаббус натижасида Халқаро пресс-клуб фондида ўзбек, рус, инглиз ва тожик тилларидаги 2 мингдан зиёд китоб йиғилди.

Кутубхонанинг очилиш маросимида сўзга чиққан Қашқадарё вилояти ҳокими Зафар Рўзиев, Халқаро пресс-клуб раиси Шерзодхон Қудратхўжаевлар мазкур кутубхона ёш авлоднинг баркамол топишига хизмат қилишини таъкидлаб ўтдилар.

Шунингдек, Рўзиев кутубхонага яна 5 минг китоб бериш таклифини билдирди.

Эслатиб ўтамизки, Варганза қишлоғи тоғли ерда жойлашган. Шу билан боғлиқ ҳолда бу ерда интернетдан фойдаланишда муаммолар бор. Яқин кунларда Beeline компанияси Варганзада интернет алоқасини йўлга қўйишга ваъда берди. Бу орқали кутубхонада Wi-Fi хизматидан фойдаланиш мумкин бўлади.

Сурат манбаи: http://bw-mag.com/?p=19624

Янгилик билан ўртоқлашиш: