Ўзбекистондаги нодавлат телерадиоузатув объектлари фаолиятига доир янги тартиблар жорий этилди

Дата: 16:14, 21-04-2014.

Тошкент. 21 апрель. ЎзТАГ – Нодавлат телеузатув объектлари ускуналарига хужум, қўлга олиш таҳдиди ёки улардан ноқонуний ҳолда фойдаланишга уриниш ҳолатларида уларни ишдан чиқариш чоралари кўрилган бўлиши лозим, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Ушбу тартиб 2014 йил 14 апрелдаги Телекўрсатувлар ва радиоэшиттиришлар объектларини қўриқлаш, муҳофаза қилиш ҳамда уларнинг хавфсиз фаолият кўрсатишига доир янги қоидаларга биноан тасдиқланган.
Бундан ташқари, нодавлат телеузатув объектларида текшириб ўтказиш режими ва ички объект режими ўрнатилиши зарур. Бундан кўзланган асосий мақсад – рухсат берилмаган ҳар қандай телерадиокўрсатувлар эфирга узатилиши имкониятининг олдини олишдир.
Айни пайтда, нодавлат теле- ва радиоузатув объектлари қўриқлаш учун ИИВ ҳузуридаги «Қўриқлаш» бирлашмасига берилиши керак, каналларнинг кириш чекланган хоналари эса «мажбурий тартибда» ички ишлар органлари ҳузуридаги техник қўриқлаш ва ҳаракат қилиш пунктлари (ПТОР)га қўриқлашга топширилиши зарур.
Шу билан бирга кириш чекланган хона деб телерадиоузатув ускуналари, кабель телевидениеси студиялари жойлашган, шунингдек, телерадиодастурларни шакллантириш амалга ошириладиган, эфир студиялари, теле- ва радиодастурларни тўғрдан-тўғри узатиш имконияти бўлган овоз ва видео ёзув студиялари тан олинади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: