Ўзбекистондаги сайловларнинг илк якунлари 22 декабрда эълон қилинади

Дата: 17:24, 17-12-2014.

Тошкент. 17 декабр. ЎзТАГ – Ўзбекистондаги сайловларнинг илк якунлари улар ўтказиладиган кундан кейинги кун – 22 декабрда эълон қилинади. Бу ҳақида бугун бўлиб ўтган брифингда Марказий сайлов комиссияси (МСК) раиси маълум қилди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

МСК раиси Мирза-Улуғбек Абдусаломовнинг сўзларига кўра, МСК сайлов ўтадиган куни сайловларни ёритиш бўйича Республика матбуот марказида 21 декабрь соат 13.00, 17.00 ва 22.00 да овоз бериш жараёни ҳақида брифинглар ўтказиб, уларда жамоатчиликни сайловларнинг боришидан хабардор қилиб боради.

Ўзбекистонда Қонунчилик палатасига сайлов бўйича ўртача 154 минг сайловчини ҳисобга олган ҳолда 135 та сайлов округи тузилди. 9035та, шу жумладан, Ўзбекистоннинг хорижий давлатлардаги ваколатхоналари ҳузурида 44та сайлов участкаси ташкил этилди.

Участка сайлов комиссиялари томонидан сайловчиларнинг тўлиқ рўйхатлари тузилиб, уларга 20 миллион 895 минг 572 фуқароларнинг фамилиялари киритилди. Барча сайловчилар овоз бериш вақти ва жойи ҳақида хабардор қилинди.

Қонунчиликка мувофиқ сайлов куни ўз яшаш жойларида бўлиш имконига эга бўлмаган сайловчиларга муддатидан олдин овоз бериш ҳуқуқи берилган. Муддатидан олдин овоз бериш жорий йилнинг 11 декабрида бошланган ва 19 декабрида тугайди.

15 ноябридан бошлаб сайлов кампаниясининг муҳим босқичи – сайловолди ташвиқоти давом этмоқда. Сайловолди ташвиқотини олиб бориш учун текин асосда давлат теле- ва радиоканалларида тенг эфир вақти ва республика ва маҳаллий босма ОАВ тенг босма майдони ажратилди. Сиёсий партиялар вакиллари, депутатликка номзодларнинг чиқишлари Марказий сайлов комиссияси томонидан тасдиқланган жадвалга мувофиқ амалга оширилмоқда.

Ҳар ҳафта сиёсий партиялар вакиллари ва депутатликка номзодларнинг дебатлари қизиқарли ва қизғин ўтмоқда. Теледебатлар ҳар ҳафта марказий ва ҳудудий телеканалларда, шунингдек, нодавлат телеканалларда ҳам ўтказилмоқда. Интернет, хусусан, ижтимоий тармоқлар, сиёсий партиялар веб-сайтлари, шунингдек, интернет-нашрлар имкониятларидан кенг фойдаланилмоқда.

Сайловолди ташвиқоти бошлангандан бери улар томонидан жами 10 мингдан ортиқ бундай учрашувлар ўтказилган.

Сайловларнинг очиқлиги ва ошкоралиги кузатувчилар институти орқали таъминланмоқда. Ҳозирги кунда Ўзбекистонда ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси ва МДҲ кузатувчилар миссиялари ўз фаолиятини амалга оширмоқда. Яқин кунларда уларга яна учта халқаро ташкилот – Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Бутунжаҳон сайлов органлари ассоциацияси ва Ислом ҳамкорлик ташкилотидан кузатувчилар миссиялари келиб қўшилиши кутилмоқда.

Бундан ташқари, Марказий сайлов комиссияси томонидан Осиё, Европа, Африка, Америка, шунингдек МДҲнинг жами қарийб 40 та давлатидан 300 нафарга яқин кузатувчилар рўйхатга олинган.

Бундан ташқари округ сайлов комиссиялари томонидан сиёсий партияларнинг 70 мингдан зиёд кузатувчиларига ва ваколатли вакилларига тегишли мандатлар берилди.

Ўзбекистонда сайлов жараёнини кенг ёритишда мамлакатимиз ва чет эл ОАВнинг 340 дан ортиқ аккредитациядан ўтган вакиллари иштирок этмоқда. 

Янгилик билан ўртоқлашиш: