Ўзбекистондаги тиббий вакансиялар ОТМ битирувчилари ва пенсионерлар билан тўлдирилмоқда

Дата: 16:17, 05-02-2018.

Тошкент. 5 феврал. ЎзТАГ – 2018 йил охирига қадар Ўзбекистон Сақлаш сақлаш вазирлиги умумий амалиёт шифокорлиги бўйича бўш ўринларни 82 фоизга, тор мутахассисликлар бўйича эса 55 фоизга қоплашни режалаштирмоқда, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Бунинг учун амалий чоралар кўрилмоқда. Хусусан, Соғлиқни сақлаш вазирлиги бу вазифаларни ҳал этиш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда ҳудудлар, туманлар ва муассасалар кесимида тиббиёт кадрларига бўлган эҳтиёжни ўрганиб чиқди. Ўрганиш натижасида вакант ўринлар аниқланиб, уларни малакали кадрлар билан тўлдириш юзасидан бир қатор амалий чоралар ишлаб чиқилди.

Хусусан, тиббиёт олий таълим муассасалари битирувчиларини мақсадли йўналтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу мақсадда жорий йил январ ойида тиббиёт олий таълим муассасаларининг 7-босқич бакалавриат битирувчилари якуний давлат аттестациясидан ўтказилди ва улардан 1811 нафари умумамалиёт шифокори сифатида ишга йўлланма олди. Бунинг натижасида Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Бухоро, Самарқанд, Хоразм вилоятлари ва Тошкент шаҳрида умумий амалиёт шифокорига бўлган вакансиялар тўлиқ қопланди.

Бундан ташқари, 926 нафар 2-босқич клиник ординатура битирувчиларидан 907 нафарини тор соҳа мутахассиси сифатида ишга жойлаштириш ҳисобига тор доирадаги мутахассисларга бўлган вакансиялар яна қисқаради.

Шунингдек, бу йил тиббиёт олий ўқув юртларида бакалавриатура йўналишида таълим олаётган 6-босқич талабалар ҳам ўқишни якунлаб ишга йўл олади.

Қўшимча қиламизки, тиббиёт муассасаларидаги кадрлар тақчиллиги масаласи Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев томонидан 2017 йил 12 декабрь куни кўтарилган эди.

Давлат раҳбари соғлиқни сақлаш тизимида ҳал этилиши лозим бўлган муаммоларни ҳудудлар кесимида таҳлил қилиб, жойлардаги тиббиёт муассасаларининг кадрлар таъминоти ва салоҳияти етарли эмаслиги, бунинг сабаблари, оқибат ва ечимлари хусусида тўхталган эди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, жорий йилда бу соҳадаги ишларни янада кенгайтириш, хусусан, вазирлик тизимидаги 310 та тиббиёт иншоотларида қурилиш, реконструкция, капитал таъмирлаш ва уларни жиҳозлаш учун 803,6 млрд. сўм маблағ ажратилиши режалаштирилди.

Эслатиб ўтамизки, ўтган йили инвестиция дастури доирасида Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги 181 та даволаш-профилактика муассасаларида 552,6 млрд. сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилган эди.

Сурат манбаи: http://library.tma.uz/uum/uum-asab-kasalliklari/e-darslik/TMA.uz%20%20%20Toshkent%20tibbiyot%20akademiyasi%20-%20%D0%A2%D0%BE%D1%88%D0%BA%D0%B5%D0%BD%D1%82%20%D1%82%D0%B8%D0%B1%D0%B1%D0%B8%D1%91%D1%82%20%D0%B0%D0%BA%D0%B0%D0%B4%D0%B5%D0%BC%D0%B8%D1%8F%D1%81%D0%B8.htm

Янгилик билан ўртоқлашиш: