Ўзбекистонга аскиянинг ЮНЕСКО рўйхатига киритилгани ҳақидаги сертификат топширилди

Дата: 16:22, 28-08-2015.

Тошкент. 28 август. ЎзТАГ – Ўзбекистонга аскиянинг (ўзбек халқига хос пичинг ва қочирим санъати) ЮНЕСКО Инсониятнинг номоддий маданий мероси репрезентатив рўйхатига киритилгани тўғрисидаги сертификатнинг асли тантанали равишда топширилди, деб хабар қилади Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ҳужжат топшириш маросими Самарқанддаги “Шарқ Тароналари” Х халқаро мусиқа фестивали доирасидаги бўлиб ўтди.

Сертификат Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт вазири Баҳодир Аҳмедовга ЮНЕСКОнинг халқаро муносабатлар ва жамоатчилик билан алоқалар бўйича Бош директорининг ўринбосари Эрик Фальт томонидан “Шарқ халқлари мусиқа маданиятининг муштараклиги” мавзусидаги илмий конференцияда берилди.

“Аскиянинг ЮНЕСКО Инсониятнинг номоддий маданий мероси репрезентатив рўйхатига киритилиши бутун дунёда Ўзбекистоннинг маданий меъросига доир хабардорликнинг ошишига, шунингдек, маданий турли-туманлик ҳақидаги мулоқотнинг илгари сурилишига хизмат қилади, деб умид қиламиз”, - деди Э.Фальт.

Эслатиб ўтамизки, 2014 йилнинг ноябрида аския санъати Инсониятнинг номоддий маданий мероси рўйхатига киритилган эди.

Аския – ўзбек оғзаки халқ санъатининг тури бўлиб, икки ва ундан ортиқ иштирокчилар мулоқоти шаклида кечади. Улар маълум бир мавзуда нозик сўз ўйинларини қўллаган ҳолда мусобақалашадилар. Аския эркаклар томонидан ижро этилиб, унда иштирок этаётган киши ўзбек тилини мукаммал билиши, импровизация қила олиши ва тезда фикрлаши ҳамда ўз гапларида юмор ва ҳазиллардан усталик билан фойдалана олиши зарур. Юмористик шаклга эга бўлишига қарамасдан аския аҳолини жамиятдаги воқеа ва ҳодисалардан ўзига хос услубда хабардор қилишда катта рол ўйнайди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: