Ўзбекистонга қайтиб келган меҳнат муҳожирларига 400 мингдан ошиқ иш ўринлари яратилади
Тошкент. 1 декабр. ЎзТАГ - 2015 йилда Ўзбекистонда ватанига қайтиб келишни истаган меҳнат муҳожирларига 400 мингдан ошиқ иш ўринлари яратилади, дея хабар қилади Қозоқ телеграф агентлиги (КазТАГ) республика Меҳнат ва аҳолини ижтимоий маҳофаза қилиш вазирлигининг душанба куни эълон қилинган материалларига асосланган ҳолда.
2015 йилга мўлжалланган янги иш жойлари яратиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури доирасида Ўзбекистонга қайтиб келадиган меҳнат муҳожирлари учун яратиладиган иш ўринларининг асосий қисми мамлакатнинг етти ҳудудида ташкил қилинади. Хусусан, муҳожирлар яшаш жойида ишга жойлашишлари ёки тадбиркорлик фаолиятини бошлашлари мумкин бўлади. Айни пайтда улар Ўзбекистон ҳукумати ва тижорат банклари томонидан қўллаб-қувватланади.
Уларнинг ватанига қайтишини рағбатлантирувчи чоралар сифатида ҳукумат меҳнат муҳожирларига давлатга тегишли фойдаланилмаётган объектлар, фойдаланилмаётган объектларни бузиш натижасида очилган ер участкаларини ишлаб чиқариш ёки хизмат кўрсатиш фаолиятини ташкил қилиш мақсадларида «ноль» қийматида сотиб олиш имконияти ёки ижарага олиш кабилар таклиф қилинади. Ушбу лойиҳаларга муҳожирларнинг муҳожирликдаги меҳнат фаолиятлари давомида тўплаган даромадларини сармоя сифатида киритишлари мумкин бўлади.
Шунингдек, дастур билан тижорат банклари меҳнат муҳожирларига ўз бизнесини ривожлантириш учун кичик кредитлар бериши ҳам кўзда тутилмоқда. Ушбу кредитлар ҳисобидан меҳнат муҳожирлари хориждаги фаолиятлари давомида тўплаган тажрибалари асосида ўз бизнесларини йўлга қўйишлари ва ривожлантиришлари мумкин бўлади.
Июлда ОАВлари Ўзбекистон ҳукумати МДҲ, асосан, Россиядаги меҳнат муҳожирларини қайтириб олиб келиш бўйича тарғибот ишларини кучайтиргани ҳақида хабар қилинган эди. Хусусан, Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиёев ҳудудлардаги давлат органларига хорижда ишлаётагнлар рўйхатини тузиш ва уларни турар жойларида иш билан таъминлаш ҳақида буйруқ чиқарган эди. Ноябрда Олий Мажлис Сенати янги иш жойлари ташкил қилиш бўйича 2015 йилги дастурни қабул қилди. Дастур 987,5 минг кишини иш билан таъминлашни кўзда тутади.
Тахминий баҳоларга кўра, ҳозирда мамлакатнинг 30-миллион аҳолисининг 4-6 миллиони хорижда, асосан, РФда ишламоқда.