Ўзбекистонга биологик хавфсизлик бўйича 1 млн евролик иккита мобил лаборатория тақдим этилади

Дата: 11:31, 17-06-2019.

Тошкент. 17 июнь. ЎзТАГ – Ўзбекистонга биологик хавфсизлик бўйича 1 млн еврога иккита мобил лаборатория тақдим этилади, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

ТИВ маълумотларига кўра, 12-14 июнь кунлари Брюсселда (Бельгия) кимё, биологик, радиация ва ядровий материаллар (КБРЯМ) хавфини камайтириш бўйича илғор тажриба марказлари миллий координаторларининг 7-йиғилиши бўлиб ўтди.

"Йиғилишда "Миллий-ҳуқуқий асосни мустаҳкамлаш ва Марказий Осиё мамлакатларида биохавфсизлик бўйича ихтисослаштирилган таълим бериш" 53-сонли лойиҳасининг амалга оширилиши якунлари сарҳисоб қилинди. Қайд этилдики, ФВВ ва Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирлигига қарийб 1 миллион евро миқдорида биологик хавфсизлик бўйича иккита мобил лаборатория тақдим этилиши, шунингдек, мамлакатда 2019 йилнинг кузида "Жайрон" деб номланган минтақавий ўқув машқлари ўтказилиши мазкур лойиҳанинг мантиқий якунига етказилиши бўлади", – дейилади хабарда.

Шунингдек, минтақа мамлакатлари "Марказий Осиё мамлакатларида хавфсизлик ва хавфини камайтириш учун кимёвий ва биологик чиқиндиларни бошқаришни кучайтириш" 65-сонли лойиҳасини амалга оширишни муҳокама қилдилар. 5 миллион еврога тенг бўлган лойиҳа доирасида минтақада мавжуд бўлган кимёвий ва биологик чиқиндилардан келиб чиқадиган таҳдидларни баҳолаш, шунингдек, уларни бартараф этиш бўйича чоралар кўриш амалга оширилди.

"Тадбир якунида Марказий Осиёда ядровий, кимёвий ёки биологик қуролларни ишлаб чиқиш, сотиб олиш, ишлаб чиқариш, ташиш, узатиш ёки улардан фойдаланишни олдини олиш бўйича БМТ хавфсизлик Кенгашининг 1540-сонли резолюциясини амалга ошириш бўйича минтақавий ҳаракат режасини ишлаб чиқишга келишиб олинди", – дея қайд этилади хабарда.

Сурат манбаи: esstu.ru

Янгилик билан ўртоқлашиш: