Ўзбекистонга давлат ташрифи билан келган Атамбоевни аэропортда Мирзиёевнинг ўзи кутиб олди

Дата: 14:59, 05-10-2017.

Тошкент. 5 октябр. ЎзТАГ – Президент Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Қирғизистон Республикаси Президенти Алмазбек Атамбоев 5 октябр куни давлат ташрифи билан Ўзбекистонга келди, деб хабар беради ЎзР президенти матбуот хизмати.

“Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида Қирғизистон Президенти Алмазбек Атамбоев ва унинг рафиқасини Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев рафиқаси билан кутиб олди”, - дейилади пайшанба кунги хабарда.

Таъкидланишича, Ўзбекистон Президентининг 5-6 сентябр кунлари Қирғизистонга давлат ташрифи чоғида бўлиб ўтган олий даражадаги мулоқотнинг давоми сифатида икки давлат раҳбарлари ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш истиқболларини муҳокама қиладилар, минтақавий ва халқаро сиёсатнинг долзарб масалалари бўйича фикр алмашадилар.

“Ўзбекистон Республикаси ва Қирғизистон Республикаси ўртасида Қўшма декларация қабул қилиниши, шунингдек, турли соҳаларда ўзаро алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган қатор ҳужжатлар имзоланиши кутилмоқда”, - дейилади хабарда.

Шунингдек, давлат раҳбарларининг Тошкент шаҳрида бўлиб ўтаётган Ўзбекистон ва Қирғизистон саноат маҳсулотлари кўргазмасига ташриф буюриши ҳам режалаштирилган.

Атамбоев давлат ташрифи пойтахтдаги Мустақиллик ва эзгулик монументига гул қўйишдан бошланди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: