Ўзбекистонга Латвия Президенти ташриф буюрди

Дата: 16:00, 28-05-2014.

Тошкент. 28 май. ЎзТАГ – 27 май куни Латвия Республикаси Президенти Андрис Берзиньш Ўзбекистонга расмий ташриф билан келди. Бугун ташриф доирасидаги асосий тадбирлар бўлиб ўтади, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Ўзбекистон Президентининг матбуот хизмати хабар беришича, Тошкент Халқаро аэропортида фахрий меҳмонни мамлакат Бош вазири Шавкат Мирзиёев кутиб олди.
Тошкентда томонлар сиёсий, савдо-иқтисодий, сармоявий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш истиқболларини муҳокама этадилар.
Ўзбекистоннинг Европа Иттифоқига аъзо давлатлар орасидаги ҳамкорлари ичида ўзаро савдо ҳажми бўйича Латвия учинчи ўринда туради. 2013 йил якунларига кўра мамлакатларимиз ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми $248 млндан ошиқ.
Музокаралар якунлари бўйича икки давлат раҳбарларининг қўшма баёнотини қабул қилиш, Ўзбекистон ва Латвия ўртасида турли соҳалардаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантиришга йўналтирилган қатор ҳужжатларни имзолаш режалаштирилган.

Янгилик билан ўртоқлашиш: