Ўзбекистонга Литва Сейми делегацияси ташриф буюрди

Дата: 09:18, 08-07-2016.

Тошкент. 8 июл. ЎзТАГ – Тошкентга Литва Сеймининг Ўзбекистон билан парламентлараро ҳамкорлик гуруҳи раҳбари Валериус Симулик раҳбарлигидаги делегация ташриф буюрди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ташриф доирасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида учрашув бўлиб ўтди. Қуйи палата маълумотларига кўра, мулоқот чоғида айни пайтда мустаҳкамланиб бораётган парламентлараро алоқалар икки томонлама сиёсий мулоқотларни ривожлантиришнинг муҳим омили экани таъкидлаб ўтилди.

Ўтган давр мобайнида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига Литванинг турли даражадаги ўнлаб делегациялари ташриф буюрди. Ўз навбатида Литва томонининг таклифига биноан, шунингдек жавоб ташрифларини амалга ошириш мақсадида Ўзбекистон парламенти вакиллари Литвага ташрифни амалга оширган.

Учрашув доирасида меҳмонларга Ўзбекистоннинг икки палатали парламенти фаолияти тўғрисида сўзлаб берилди. Учрашувда парламентлараро ҳамкорликни кенгайтириш ва мустаҳкамлаш, парламентлараро алоқаларни янада ривожлантиришга қаратилган тадбирларни ташкил этиш, қонун ижодкорлиги ва назорат фаолияти юзасидан тажриба алмашиш масалалари муҳокама этилди.

Шунингдек, Литва делегацияси билан Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлигида ҳам учрашув ўтказилди. ТИАИСВ маълум қилишларича, учрашувда икки мамлакат ўртасидаги савдо иқтисодий ва инвестицион ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари, шунингдек, транспорт-логистика соҳасидаги алоқалар кўриб чиқилди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: