Ўзбекистонга ташриф буюрган ҳар бешинчи сайёҳ россиялик

Дата: 16:51, 18-12-2015.

Тошкент. 18 декабр. ЎзТАГ – 2014 йилда Ўзбекистонга ташриф буюрган ҳар бешинчи сайёҳ россиялик. Ўтган йили ушбу мамлакатдан Ўзбекистонга 450 минг атрофида киши ташриф буюрган, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Ҳар йили мамлакатимизга чет давлатлардан икки миллионга яқин киши ташриф буюради. Хусусан, 2014 йили Ўзбекистонга ташриф буюрган туристларнинг асосий қисми – 22.4%ни россиялик меҳмонлар ташкил этди, шунингдек, кореяликлар 8.2%, германияликлар 3.8%, францияликлар 3.6% ташкил қилди. Шунингдек, Ғарбий Европа ва Жануби-Шарқий Осиёнинг бошқа давлатларидан ҳам меҳмонлар ташриф буюрди”, - деб таъкидлади “Ўзбектуризм” МК раиси ўринбосари Анвар Темирхўжаев яқинда Москвада ўтказилган тақдимот доирасида.

Унинг сўзларига кўра, россиялик сайёҳларни Ўзбекистоннинг хавфсизлиги, визаларнинг йўқлиги, тил тўсиғининг йўқлиги, бой тарихий мероси, ўзбек миллий ошхонасининг бетакрорлиги ва туристик пакетнинг арзонлиги жалб қилмоқда.

Шунингдек, Темирхўжаев Ўзбекистондаги энг оммавий дам олиш турлари орасида альпинизм, отда сайрлар, туяларда сафари, жип-сафари, тоғ дарёларида сузиш, рафтинг, қишги дам олиш турлари борлигини айтиб ўтди. Кейинги пайтда эса гастрономик сайёҳлик оммалашмоқда.

Янгилик билан ўртоқлашиш: