Ўзбекистонга Жаҳон божхона ташкилоти раҳбари ташриф буюради

Дата: 12:36, 27-02-2019.

Тошкент. 27 феврал. ЎзТАГ – 5-7 март кунлари Жаҳон божхона ташкилоти (ЖБТ) бош котиби Кунио Микурия Ўзбекистонга ташриф буюришни режалаштирмоқда, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ташрифнинг тафсилотлари Ўзбекистоннинг Бельгия Қироллигидаги элчиси Дилёр Ҳакимовнинг ЖБТ Бош котиби офисининг ижрочи директори Алан Харрисон билан 25 феврал куни бўлиб ўтган учрашувида муҳокама қилинди.

Элчихона маълумотларига кўра, учрашув чоғида томонлар етказиб беришлар хавфсизлигини таъминлаш, интеллектуал мулкни ҳимоя қилиш ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш соҳасида Ўзбекистон божхона хизматларининг институционал салоҳиятини оширишга амалий ёрдам бериш тўғрисида келишиб олди.

2019 йилда ЖБТ Ўзбекистон божхона хизматининг вакиллари учун “Аэропортда йўловчилар ва багажини назорат қилиш” ва “Божхона назорати самарадорлигини баҳолаш усуллари” ва бошқа биргаликдаги тадбирлар бўйича семинарлар ўтказишни режалаштирмоқда.

Эслатиб ўтамиз, ЖБТ аъзолари дунёнинг деярли барча мамлакатларининг божхона хизматлари ҳисобланади. Ташкилотнинг фаолияти товарларни таснифлаш, товарларни келиб чиқиш қоидалари, товарларнинг божхони қийматини баҳолаш, божхона йиғимлари, таъминот занжири хавфсизлиги, халқаро савдо тартиб-қоидаларини соддалаштириш, божхона ҳуқуқбузарликлар ва контрафакт маҳсулотларга қарши кураш каби халқаро ҳужжатлар, конвенцияларни ишлаб чиқишга қаратилган.

Сурат манбаи: alchetron.com

Янгилик билан ўртоқлашиш: