Ўзбекистонга жалб этилаётган инвестициялардан фанни ривожлантириш ва илмий кадрлар тайёрлашга фоиз ажратилади

Дата: 11:08, 09-04-2018.

Тошкент. 9 апрел. ЎзТАГ – Ўзбекистонга жалб этилаётган инвестициялардан фанни ривожлантириш ва илмий кадрлар тайёрлашга маълум фоиз ажратилади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ушбу топшириқни Президент Шавкат Мирзиёев олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари раҳбарлари, академиклар, олимлар ва ёш тадқиқотчилар билан суҳбат давомида берди.

“Эртанги кунини тасаввур қилган, рақобатбардош бўламан деган давлат албатта илмга эътибор бериши керак. Сизларнинг тилингизда айтганда, биз ҳам мамлакатимизни прогрессив ва инновацион ривожлантиришимиз зарур. Бунинг учун олимлар, тадқиқотчилар Ватанга хизмат қилиши, илмий-технологик ишланмаларини барча соҳаларда, айниқса, вилоятларда жорий этиши керак”, - деб иқтибос келтиради Шавкат Мирзиёевдан унинг матбуот хизмати.

Ўз навбатида, олимлар давлатимиз раҳбарининг кеча қабул қилинган “Республика олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори уларга катта хурсандчилик, моддий ва маънавий рағбат бағишлаганини алоҳида қайд этдилар. Мамлакатимизда илм-фанни ривожлантириш бўйича ўз таклифларини билдирдилар.

Президент илм-фан вакилларининг ижтимоий шароитларини яхшилаш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратди. Жумладан, уларни уй-жой билан таъминлаш бўйича кўрсатма берди.

Сурат манбаи: http://uz24.uz/economics/zarplati-nauchnih-sotrudnikov-povisilisy

Янгилик билан ўртоқлашиш: