Ўзбекистоник ёш дзюдочи Нанкин йўлланмасини олди

Дата: 16:24, 15-07-2014.

Тошкент. 15 июл. ЎзТАГ – 17 ёшли Ўзбекистонлик дюздочи Суҳроб Турсунов Хитойнинг Нанкин шаҳрида ўтказиладиган II-ёшлар олимпиядасининг 29-йўлланмасини қўлга киритди. Мазкур мусобақа 2014 йилнинг 16-28 август кунлари ўтказилади, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Мамлакат МОҚдан хабар қилишларича, Суҳроб Турсунов Сурхондарё вилоятининг Денов шаҳрида таваллуд топган. Жорий йилда Чирчиқ олимпия резервлари коллежини тамомлади, шунингдек, Тошкет Давлат Жисмоний тарбия институтига киришга йўлланма олди.
Ёш спортчи ўтган йилда Хитойда ўтказилган Осиё чемпионатининг ғолиби бўлди. 2012 йилда 66 кггача бўлган вазнда Ўзбекистон чемпиони бўлиб, мамлакат терма жамоасига таклиф қилинди. 2013 йилда яна шу натижасини такрорлади.
С.Турсунов 2014 йил бошида Австриянинг Лейбнице шаҳрида ўтказилган Европа Очиқ кубоги баҳсларида 72 спортчи ўртасида бронза медалига сазовор бўлди, май ойига келиб эса у Германиянинг Бремен шаҳрида ўсмирлар ўртасида бўлиб ўтган “Masters” туркумига кирувчи нуфузли мусобақада ҳам кумуш медаль билан тақдирланди.
Нанкин Олимпиадасида Суҳроб Турсунов иштирок этадиган 66 кг вазн тоифаси ўта рақобатли деб ҳисобланади. Унда жами 18 нафар спортчи қатнашади, қолган вазн тоифаларида 5-6 нафардан спортчи ғолиблик учун кураш олиб боради.
Эслатиб ўтамизки, 2010 йили Сингапурда бўлиб ўтган биринчи ўсмирлар Олимпиада ўйинларида ўзбекистонлик дзюдочи Мансурхўжа Мўминхўжаев шахсий баҳсларда кумуш, жамоавий беллашувларда эса бронза медалига сазовор бўлган эди.
Тарихда иккинчи бор ўтказиладиган Ёзги Ўсмирлар олимпияда ўйинларида 15-18 ёшда бўлган дунёнинг 204 мамлакатига мансуб 2,8 минг спортчи спортнинг 30 тури бўйича қатнашади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: