Ўзбекистонлик АҚШда велосипедчиларни босиб кетди
Тошкент. 1 ноябр. ЎзТАГ – Нью-Йоркда (АҚШ) 29 ёшли ўзбекистонлик Сейфулло Соипов велосипедчиларни босиб кетди ва мактаб автобусига бориб урилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) РИА Новостига асосланган ҳолда.
NBC телеканали маълумотига кўра, гумондаги шахс бу ҳаракатларни “Ислом давлати” террористик гуруҳи номидан амалга оширган, Washington Post газетаси Соиповнинг ИД тарафдори эканлиги ҳақидаги қайдини келтирган.
Телеканал маълумотига кўра, гумондаги шахс асли ўзбекистонлик бўлиб, Патерсон шаҳрида (Нью-Жерси штати) яшаган, аммо қўлга олинганда унда Тампа шаҳридаги манзил кўрсатилган Флорида штатининг ҳайдовчилик гувоҳномалари бўлган.
Телеканал Соиповнинг қўшниларига асосланиб, унинг хотини ва икки боласи борлигини хабар қилган.
Ўз навбатида, NBC маълумотига кўра Соиповнинг таниши бўлган Қобилжон Маткаров “у жуда бахтли киши бўлгани”ни маълум қилган. “У АҚШни севар эди ва у террорчи эмас. У ҳар доим жуда бахтли ва ҳар доим кулиб турар эди”, - деб айтган Маткаров.
Эслатиб ўтамизки, сешанба куни кундузи Манхэттенда юк машинаси велосипед йўлакчаси бўйлаб бир неча кўча юриб, велосипедчиларни босиб кетган ва кейин мактаб автобусига бориб урилган. Ҳайдовчи полициячилар томонидан яраланган. Ҳодиса натижасида 8 киши вафот этган, 11 киши жабрланган.
Ҳокимият воқеани теракт деб ҳисоблаган, президент Дональд Трамп ҳужум қилган шахсни ақли жойида эмас деб атаган ва ИД АҚШ ҳудудига кира олмаслигига ишонтирган.