Ўзбекистонлик фермерларга олма етиштиришни қандай кўпайтириш мумкинлиги ўргатилади
Тошкент. 2 май. ЎзТАГ – Ўзбекистонда маҳалий шароитларда интенсив услубларда олма етиштириш бўйича ноёб амалий қўлланма ишлаб чиқилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“Қўлланма интенсив олмазор боғларни яратишнинг кўчат ўтқазиш, кесиш, ўғит солиш, зараркунанда ҳашаротлар ва касалликлардан ҳимоялаш, ҳосилни йиғиштиришдан тортиб, тайёр маҳсулотни бозорга чиқаришгача бўлган босқичлардаги самарали технологиялар ҳақидаги ахборотни ўз ичига олади. Фермерларга ёрдам сифатида қўлланмада бир гектар ер майдонида олмазор боғ яратишнинг бизнес-режаси ҳам келтирилган”, - деб таъкидлашди Қишлоқ ва свв хўжалиги вазирлигида.
Қўшимча сифатида кенг тарқалган олма навлари, олма дарахтига тушиши мумкин бўлган касаллик ва заракунандалар ҳамда уларга қарши кураш чоралари ҳақидаги маълумотларни ўз ичига олган ихчам маълумотномалар ҳам ишлаб чиқилган. Ихчам ҳажмдаги, иллюстрациялаштирилган карточкалар – маълумотларни етказишнинг қўлланилиши қулай шаклидир.
Экспертларнинг фикрига кўра, амалга оширилаётган ушбу тадбирлар фермерларнинг олма дарахтлари культивацияси, қишлоқ хўжалиги соҳасига замонавий технологияларни жорий қилиш ҳамда интенсив боғдорчилик усулларидан фойдаланиб, боғлар ҳосилдорлигини ошириш борасида билим ва малакаларини оширишга хизмат қилади. Бу ўзгариш ва такомиллаштиришлар қишлоқ жойларида янги иш ўринлари яратиш, аҳолини доимий даромад билан таъминлаш, турмуш даражасини ошириш, шунингдек, Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги секторининг халқаро бозордаги рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилиши кутилмоқда.
Ўзбекистонда 261,8 минг гектар боғ майдонларидан 120,5 минг гектарини уруғлик мевазорлар ташкил этади. Шунинг 95%и олмазор боғлардир. Бу мамлакатдаги боғларнинг тахминан 44%ини олмазорлар ташкил этади, демакдир.
Бугунги кунда мамлакатда қишлоқ хўжалик экинларини парваришлашнинг ҳосилдорликни 2-3 баравар ошириш имконини берувчи интенсив усулларини жорий этиш бўйича фаол иш олиб борилмоқда. Бунда, мисол учун, анъанавий усулда парваришланган мевали дарахтларнинг ҳосилга кириши учун 4-5 йил керак бўлса, интенсив боғдорчиликда дарахтлар иккинчи ва учинчи йилларданоқ мева бера бошлайди.