Ўзбекистонлик икки ҳакам 2015 йилги Осиё кубоги ўйинларини олиб боради

Дата: 12:04, 25-09-2014.

Тошкент. 25 сентябр. ЎзТАГ – Осиё футбол конфедерацияси (ОФК) Австралияда бўлиб ўтадиган 2015 йилги Осиё кубоги ўйинларини олиб борувчи ҳакамлар рўйхатини эълон қилди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Қитъанинг энг обрўли турнири ҳакамлари рўйхатига ўзбекистонлик икки ҳакамлар бригадаси ҳам кирди. Жумладан, турнирга Равшан Эрматов ва Валентин Коваленко бошчилигидаги ҳакамлар бригадалари таклиф этилди. Равшан Эрматовга ҳакамлик қилишда қанот ҳакамлари Абдухамидулло Расулов (Ўзбекистон) ва Баҳодир Қўчқоровлар (Қирғизистон) ёрдам берадилар. Ўз навбатида, Валентин Коваленкога Жаҳонгир Саидов ва Маъмур Саидқосимовлар (иккиси ҳам Ўзбекистонлик) кўмаклашади”, – деб таъкидлашди мамлакат Футбол федерацияси матбуот хизматида.

Қайд этамизки, 2015 йилги Осиё кубоги доирасида фақат Ўзбекистондан икки ҳакамлар бригадаси иштирок этади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: