Ўзбекистонлик икки мактаб ўқувчиси Таиланддаги математика олимпиадасининг бронза совриндорлари бўлишди

Дата: 16:41, 25-08-2016.

Тошкент. 25 август. ЎзТАГ – Ўзбекистонлик икки мактаб ўқувчиси Таиланддаги математика олимпиадасининг (Thailand International Mathematics Competition, TIMC) бронза мукофоти совриндорлари бўлишди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) халқ таълими вазирлиги матбуот хизматига асосланган ҳолда.

Хабар берилишича, TIMCда Ўзбекистон шарафини туман ва шаҳар олимпиадаларида 350 нафардан ортиқ 7-8 синф ўқувчилари орасидан танлаб олинган 1-5-ўринларни эгаллаган 4 нафар ўқувчилар ҳимоя қилди.

Якка мусобақалар якунлари бўйича Қашқадарё вилояти Китоб туманидаги 1-сонли ихтисослаштирилган умумтаълим мактаб-интернати 7-синф ўқувчиси Элдор Нейматов,  Бухоро вилояти Қоракўл тумани 1-сонли ихтисослаштирилган умумтаълим мактаб-интернати 7-синф ўқувчиси Шахбоз Ҳасановлар бронза медалларни олишди, Бухоро вилояти Қоракўл туманидаги 18-сонли умумтаълим мактабининг 7-синф ўқувчиси Жаҳонгир Норбоев, Қашқадарё вилояти Яккабоғ туманидаги 37-сонли умумтаълим мактабининг 7-синф ўқувчиси Шоҳбек Махмудовлар фахрий ёрлиқлар билан мукофотланишди.

Мусобақаларда Ўзбекистон термаси 2-ўринни эгаллаб, TIMC кубоги билан мукофотланди.

Маълумот ўрнида, Халқаро олимпиадалар реестридан ўрин эгаллаган ушбу мусобақалар 14-20 августда Чиангмай шаҳрида (Таиланд) бўлиб ўтди. Уларда ҳар йили 30дан ортиқ мамлакатдан вакиллар иштирок этади. Жорий йилда олимпиадада 600 нафардан ортиқ иқтидорли ўқувчилар қатнашишди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: