Ўзбекистонлик кексалар ижтимоий хизматлардан бепул фойдаланадилар

Дата: 17:37, 26-03-2015.

Тошкент. 26 март. ЎзТАГ – Ўзбекистонда кекса кишилар учун ижтимоий хизматларга қўнғироқ қилиш учун алоҳида бепул интерфаол рақам ва SMS-хабарлар жўнатиш хизмати ташкил этилади, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлигидан хабар қилишларича, ҳозирда кекса фуқароларни ижтимоий муҳофаза масалаларидаги эътиёжларига тезкор жавоб беришга имкон берувчи бутун бир тизим яратилмоқда.

Бу кекса фуқароларга ягона телефон рақами орқали (call-center) ижтимоий муҳофаза масалаларида ишончли ва тўлиқ маълумотлар етказиб бериш, зарур ҳолатларда кўмак бериш мақсадларида интерфаол аутсорсинг хизматларини ташкил этишни кўзда тутади.

Пенсия ёшидаги абонентлар, шунингдек, ногиронлар учун Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигига уларга кўрсатилаётган хизматлар юзасидан бепул SMS-хабарлар жўнатиш хизматини ташкил этиш режалаштирилган.

Алоҳида интерфаол рақам ажратилиб, қўнғироқларни IVR тизими орқали Меҳнат вазирлиги, Пенсия жамғармаси, Соғлиқни-сақлаш вазирлиги тегишли хизматларига йўллаш йўлга қўйилади.

Шунингдек, пенсионерлар учун уларга президент қарорларига мувофиқ пенсиялар миқдорлари ошганлиги, пенсия миқдори тўғрисида маълумот берувчи текин SMS-хабарлар йўллаш бўйича янги хизматни ташкил этиш ҳам кўзда тутилган.

Ушбу хизматлар “Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастури доирасида амалга оширилади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: