Ўзбекистонлик хонанда Болгариядаги поп-мусиқа фестивалида иккинчи ўринни олди

Дата: 22:14, 27-05-2014.

Тошкент. 27 май. ЎзТАГ – Matin (Хуршид Иноғомов) тахаллуси билан куйловчи ўзбекистонлик хонанда Варна шаҳрида бўлиб ўтган “Discovery” поп-мусиқа фестивалида иккинчи ўринни эгаллади, деб хабар беради Podrobno.uz янгиликлар агентлиги.
Танловда жами дунёнинг турли мамлакатларидан келган 22 хонанда иштирок этди.
Конкурс икки қисмдан иборат бўлди. Тартибга кўра, фестивалнинг биринчи қисмида иштирокчиларнинг чиқишларини ҳакамлар ҳайъати баҳолади. Мусиқачилар таниқли жаҳон ижрочиларининг қўшиқларидан бирини танлаб, ижро этдилар.
Иккинчи босқичда эса қатнашчилар ўз репертуарларидан битта қўшиқни ижро этдилар. Энг яхши қўшиқлар ва ижрочилар томошабинлар овозлари ёрдамида аниқланди.
Ўзбекистон вакили Matin биринчи турда ҳакамлар ҳукмига Хулио Иглесиаснинг “Historia de un amore” қўшиғини тақдим этди ва бирданига иккинчи ўринни олишга муваффақ бўлди. Танловнинг иккинчи қисмида ҳамюртимиз “Some day” номли композиция билан қатнашди ва томошабинлар эътиборига сазовор бўлди.
Хуллас, икки тур якунлари бўйича ўзбекистонлик хонанда икки кумуш совринни қўлга киритди. Танловда эса болгариялик ижрочи қиз Amira ғолиб бўлди, деб ёзади нашр.

Янгилик билан ўртоқлашиш: