Ўзбекистонлик хонанда Fiestalonia International конкурси ғолибаси бўлди
Тошкент. 11 ноябр. ЎзТАГ – Ўзбекистонлик хонанда Селиванна Син Италияда бўлиб ўтган Fiestalonia International халқаро конкурси ғолибаси бўлди, деб хабар қилади “Народное слово” газетаси.
Қўшиқчи қиз француз ва рус тилларидаги икки композицияни ижро қилди. Ушбу қўшиқлар ҳакамлар ҳайъати томонидан “поп-вокал” номинациясида 16 ёшдан 19 ёшгача бўлган 87 хонанда орасида энг яхши деб топилди.
“Ўз чиқишимда томошабинларга аввало қўшиқнинг теран халқона мазмунини етказишга ҳаракат қилдим. Конкурсдаги иштирок ҳаётимдаги катта воқеа бўлди. Чунки қўшиқ воситасида турли мамлакатлар халқлари мусиқасининг ғаройиб ва сеҳрли дунёсини очдим”, – деб сўзлаб берди хонанда.
Эслатиб ўтамизки, 18-ёшли Селиванна Син республика номидан Миср, Жанубий Корея ва Россияда бўлиб ўтган ижодий танловларда қатнашиб, қатор конкурслар лауреати бўлган.


