Ўзбекистонлик муҳожирлар Россия квотаси бўйича ҳажга боришлари мумкин бўлади
Тошкент. 23 феврал. ЎзТАГ – Ўзбекистонлик муҳожирлар Россия квотаси бўйича ҳажга боришлари мумкин бўлади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
РИА Новости маълумотларига кўра, Марказий Осиёлик муҳожирларга РФ квотаси орқали хаж қилиш имкон бериш ҳақида Россия муфтилар кенгаши (РМК) сўраган.
“Саудия Арабистони қироллиги европа мамлакатлари учун маълум имтиёзли имкониятлар беради: Европага келган муҳожирлар бу ерда яшаб, ишлайдилар ҳамда ҳажга виза оладилар. Шу орқали улар ўзлари яшаган мамлакатлар фуқаролари билан бирга зиёратга боришлари мумкин бўлади. Биз ҳам меҳнат муҳожирларига квоталарнинг бир қисмини беришга розимиз. Бу унча кўпни ташкил қилмаслигига аминмиз. Лекин улар бунга ҳақли”, - деди РМК раиси муфтий Равиль Гайнутдин.
Муфтийнинг таъкидлашича, муҳожирлардан квота бўйича тахминан 200-400 киши ҳажга бориши мумкин. РМК Саудия Арабистони қироллигининг ижобий қарорига умид қилмоқда.
Гайнутдин гап нафақат ҳаж, балки “кичик ҳаж” – умра ҳақида ҳам кетаётганлигини таъкидлади. Меҳнат муҳожирлари Саудия Арабистонига асосан айнан умра учун борадилар.
Ўз навбатида, Москва муфтийси Ильдар Аляутдинов зиёратга пойтахтда ишлаётган меҳнат муҳожирларининг жуда катта қисми бориши мумкинлигини айтиб ўтди.
“Ўзбекистон, Тожикистондан, масалан, ҳажга бориш анча мураккаб. Бу анча қимматга ҳам тушади”, - деди Аляутдинов.
Эслатиб ўтамизки, Саудия Арабистони ҳар бир мамлакат билан келишган ҳолда унга маълум зиёратчилар сони квотасини ажратади. Одатда ҳар бир миллион аҳолидан минг киши зиёратга бора олади. Россиянинг квотаси 20,5 минг жойга тенг.