Ўзбекистонлик мутахассислар Хитойда таълим оладилар
Тошкент. 19 май. ЎзТАГ – Ўзбекистонлик муқобил энергия манбалари бўйича мутахассисликлар Марказий Осиё учун қуёш энергиясини ўзлаштириш ва фойдаланиш соҳасидаги халқаро курсларда таълим оладилар. Ушбу курслар 2014 йилнинг 12 майидан бошлаб Хитойнинг Синьцзянида бўлиб ўтмоқда, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Муқобил энергетикага бағишланган greenergy.uz портали берган хабарга кўра, бу йил бешинчи маротаба ўтказилаётган курсларнинг ташкилотчиси ХХРнинг Фан ва техника вазирлиги Халқаро ҳамкорлик бошқармаси ҳисобланади. Тадбирни ўтказишда Синьцзян Марказий Осиё илмий-техникавий ва иқтисодий ахборотлар маркази ҳам кўмаклашмоқда.
Ўқув курслари тингловчилари орасида Россия, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистонлик қуёш энергиясини ўзлаштириш, тадқиқ қилиш ва ундан фойдаланиш технологияларини сотиш соҳасидаги мутахассислар бор. Маърузалардан ташқари, улар уч ҳафта давомида Хитой корхоналарида ҳам малака оширадилар.


