Ўзбекистонлик саккиз мутахассис британ ОТМ магистрантлари бўлдилар

Дата: 10:10, 26-08-2015.

Тошкент. 26 август. ЎзТАГ – Яқинда Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчиси Жордж Эдгар Тошкентдаги британ элчихонасида ўзбекистонлик саккиз мутахассис билан учрашиб, уларга британ университетларида Chevening стипендиялар дастури асосида ўқиш учун сертификатлар топширди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Элчихона маълумотларига кўра, Chevening дастури Буюк Британия ҳукуматининг халқаро стипендияси бўлиб, мамлакат ТИВ ва унинг ҳамкорлари томонидан молиялаштирилади. У орқали бутун дунёдан келган талабалар британ университетларида магистратурада ўқиш ҳуқуқини оладилар.

“Chevening дастури” бўлажак етакчиларга турли кишилар билан фойдали алоқалар ўрнатиш, Буюк Британиянинг маданияти билан танишиш ва мамлакатимиз билан узоқ муддатли алоқаларни йўлга қўйиш имкониятини беради. Ўзбек талабалари мамлакатларига қайтгач британ тажрибасидан Ўзбекистон келажаги учун фойдаланишларига аминман”, - деб таъкидлади Жордж Эдгар.

Бу йил Chevening стипендиясини олган талабалар давлат, хусусий ва нотижорат тармоқларида ишлайдилар.

Ғолиблар Буюк Британиянинг Лондон, Ноттингем, Бирмингем, Кардифф, Эссекс ва Рединг университетлари магистрлик дастурларида таълим оладилар.

Ўзбек талабалари юриспруденция, иқтисод, инглиз тили ўқитиш, ахборот технологиялари, жамоатчилик билан ишлаш, глобал коммуникацияларни бошқариш, иқлим ўзгариши ва иқтисодий ривожланиш, давлат бошқаруви йўшналишларини ўрганадилар.

Бундан олдинроқ 2016-2017 ўқув йилида британ университетларида Chevening стипендиялар дастури асосида ўқиш танлови эълон қилинган эди.

1994 йилдан бери ўзбекистонлик 200 мутахассис британ университетларида Chevening стипендиялар дастури стипендиатлари бўлдилар.

Янгилик билан ўртоқлашиш: