Ўзбекистонлик сантехниклар жамоаси Россиядаги халқаро турнирда иштирок этади
Тошкент. 26 октябр. ЎзТАГ – Тошкентнинг Elit-Polimer жамоаси “Энг яхши сантехник. Россия Кубоги” касбий маҳорат чемпионатида иштирок этади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Ушбу нуфузли мусобақа бешинчи марта ўтказилмоқда. Унда россия жамоаларидан ташқари Қозоғистон , Беларусь, Сербия ва бошқа мамлакатлардан ҳам жамоалар қатнашади. Elit-Polimer компанияси ўзбек бозорида ўн йилдан ортиқ полипропилен қувур тизимларини ишлаб чиқариш ва ўрнатиш билан шуғулланади. Шу сабабли у жорий йилда биринчиликда жамоаси билан қатнашишга қарор қилди.
“Илк марта ўзбек жамоасининг иштироки ҳақидаги келишув ҳукумат даражасида имзоланади. Бу биз учун катта шараф ва айни пайтда катта масъулият. Хужжатни “Россия ва Ўзбекистон – стратегик ҳамкорлар” форуми доирасида имзолаш режалаштирилмоқда. Тадбир Тошкентда 27 октябрда бўлиб ўтади. Унга россия ишбилармон доираларининг йирик делегацияси ташриф буюради”, – деб таъкидлашди турнир ташкилотчилари.
Касбий маҳорат кубоги Челябинскда 22 ноябрда бўлиб ўтади. Унда россиянинг турли ҳудудларидан бўлган 30 жамоа, шунингдек, МДҲ жамоалари қатнашадилар. Улар ўзларининг касбий маҳоратларини намоён қилиб, 300, 200 ва 100 минг россия рублини ютиб олиш имконига эга бўладилар.