Ўзбекистонлик спортчилар сузиш бўйича Белорусия очиқ чемпионатида қатнашмоқда
Тошкент. 15 май. ЎзТАГ – Яқинда Брест шаҳрида Сузиш бўйича Белорусия очиқ чемпионати бошланди, дея хабар беради UzReport ахборот агентлиги.
Мусобақаларда Ўзбекистон терма жамоаси сафида Алексей Тарасенко, Артем Пухнатий, Артем Козлюк, Андрей Правдивсев, Дмитрий Хорлин, Тимур Латипов, Егор Болотов, Фотимахон Амилова ва Шохсанамхон Тошпўлатовалар иштирок этишмоқда.
Мазкур мусобақа 18 майга қадар давом этади ва унда жорий йилнинг 16-28 август кунларида Нанкин шаҳрида ўтказилувчи II ўсмирлар ёзги Олимпиада ўйинларига йўлланмалар ҳам ўйналади.
Қоидага кўра, “А” нормативини бажарган спортчилар тўғридан-тўғри ўсмирлар Олимпиада ўйинларида қатнашиш ҳуқуқига эга бўлишади. “В” турдаги нормативни бажарган спортчилар орасидан энг яхши кўрсаткич эгаларига ҳам “Нанкин-2014” ўйинларининг йўлланмалари топширилади, деб ёзади нашр.