Ўзбекистонлик теннисчи Денис Истомин Ноттингемдаги турнирни ғалаба билан бошлади

Дата: 16:13, 22-06-2015.

Тошкент. 22 июн. ЎзТАГ – Теннис бўйича Франция очиқ чемпионатидан (Ролан Гаррос) кейин бир оз танаффус қилган ўзбекистоннинг биринчи ракеткаси Денис Истомин Ноттингемдаги турнирни испаниялик Николас Альмагро устидан 6:1, 6:4 ҳисобида ғалаба билан бошлади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Мавсумни муваффақиятсиз бошлаган Денис учун танаффус жуда зарур, чунки Истомин шу йил январда АТР рейтингининг 48-поғонасида бўлган бўлса, ҳозирда 92-ўринда. Ушбу вазият ҳар қардай спортчини психологик барқарорликдан чиқариши тайин.

Унинг Ноттингемдаги турнир биринчи босқичидаги рақиби Альмагронинг ҳам унча омади келмаяпти. 2014 йил охирида у рейтингнинг 71-ўрнида бўлса, ҳозирда 145-поғонада. Холбуки 2011 йилда Николас АТР рейтингидаги энг кучли ўнталикка кирар эди.

Иккинчи доирада, 23 июн куни Истомин кучли рақиб – дунёнинг 35- ракеткаси аргентиналик Хуан Монакога қарши туради.

Эслатиб ўтамизки, Ноттингемнинг очиқ чемпионати – июн ойида ушбу британ шаҳрида чимли кортларда ўтказиладиган профессионал теннис турниридир. 2015 йилдан бери эркаклар турнири ATP 250 сериясига кирувчи соврин жамғармаси 589 минг евролик 48 якка иштирокчи ва 16 жуфтга мўлжалланган мусобақадир.

Янгилик билан ўртоқлашиш: