Ўзбекистонлик теннисчи Денис Истомин “Ролан Гаррос”да Хуан Монакога енгилди

Дата: 14:36, 25-05-2016.

Тошкент. 25 май. ЎзТАГ – Куни кеча Ўзбекистонлик теннисчи Денис Истомин “Ролан Гаррос” турнирида аргентиналик Хуан Монакога 1:3 ҳисобида енгилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Биринчи сетни 6:3 ҳисобида енгган Денис қолган учтасида 4:6, 3:6 ва 5:7 ҳисобида бой берди.

“Катта дубулға” турнири бошига келиб Денис Профессионал теннисчилар уюшмаси (АТР) рейтингида 64-поғонада, Хуан эса 92-ўринда бормоқда эди.

Турнирнинг бошқа бир ўйинида испаниялик Давид Феррер (11) россиялик Евгений Донскойни (75) 3:0 ҳисобида осонлик билан енгди. Энди ўзбек теннисчисининг собиқ рақиби Феррер билан учрашади.

Турнир етакчилари серб Новак Жокович (1), британ Энди Маррей (2), швейцар Стэн Вавринка (4) ва испан Рафаэль Надаллар (5) мусобақанинг илк раундидан осонлик билан ўтдилар.

Эслатиб ўтамизки, теннис бўйича Франциянинг очиқ чемпионати (Ролан Гаррос) – Катта дубулға турнирларидан бири саналади. Мусобақа Парижда (Франция) “Roland Garros” маҳаллий теннис мажмуи кортларида ўтказилади.

Турнирнинг соврин жамғармаси €32 млн. Унинг миқдори ўтган йил билан солиштирганда €4 млнга кўпайтирилган. Эркаклар ва аёллар мусобақаси ғолиблари €2 млндан, финалчилар €1 млндан, биринчи доирадан чиқиб кетган теннисчилар эса €30 мингдан ишлайдилар.

Жорий мавсумдаги “Катта дубулға” серияси турнирининг амалдаги ғолиблари швейцар Станислас Вавринка ва америкалик Серена Уильямслардир.

Янгилик билан ўртоқлашиш: