Ўзбекистонлик ёнғинда Россия фуқаросини қутқариб қолгани учун медалга тақдим қилинди

Дата: 11:25, 15-02-2018.

Тошкент. 15 феврал. ЎзТАГ – Ўзбекистон фуқароси Нуриддин Қирғизов ёнғинда Россия фуқаросини қутқариб қолганлиги учун медалга тақдим қилинди, деб хабар беради Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати.

“Ўзбекистон фуқароси Нуриддин Қирғизов қахрамонона ҳаракат билан Россия фуқаросини ёнғинда қутқариб қолганлиги учун медалга тақдим қилинди”, - дейилади ТИВнинг Пушкино шаҳри маъмуриятига таянган ҳолда берган хабарида.

Ўзбекистоннинг Москва шаҳридаги элчихонаси маълумотига кўра, Москва вилояти Софрино қишлоғида 2018-йил 31-январ куни юз берган ёнғин чоғида 1976-йил 7-ноябрда Самарқанд вилоятида туғилган Нуриддин Қирғизов олов ичида қолган уйни кўриб Россия фуқароси бўлган кекса аёлга ёрдам бериш учун ўт ичига кирди ва натижада ўзи жароҳатланди.

“Ҳозирги вақтда Н.Қирғизовга Москва вилояти Пушкино шаҳрида жойлашган профессор В.Н.Розанов номидаги туман шифохонасида (Марказий туман шифохонаси) тиббий ёрдам кўрсатилмоқда. У реанимация бўлинмасидан травматология бўлинмасига ўтказилган бўлиб, шифохонада элчихонанинг консуллик бошқармаси ходими у билан учрашди”, - дейилади ташқи сиёсий муассаса хабарида.

Сурат манбаи: http://lgotyinfo.ru/lgoty/kakie-lgoty-daet-medal-za-otvagu-na-pozhare-mchs.html

Янгилик билан ўртоқлашиш: