Ўзбекистонлик ёш беморлар Германияда бепул даволаш учун ажратиб олинмоқда

Дата: 12:34, 17-03-2016.

Тошкент. 17 март. ЎзТАГ – Яқинда Соғлом авлод учун” жамғармаси (Ўзбекистон) ва  “Friedensdorf International” халқаро ташкилоти (Германия) томонидан Германия клиникаларида ҳайрия асосида бепул даволанишдан ўтадиган ёш беморларни танлаб олиш учун тиббий кўриклар ўтказишни бошлади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Жамғармадан хабар беришларича, 22 мартга қадар Тошкент, Қарши, Жиззах ва Самарқандда кўриклар ўтказилади.

Ушбу акция жамғарманинг болаларни республика ва хориж клиника ва тиббий марказларида даволашга кўмаклашиш мақсадларидаги хорижий ҳамкорлар билан алоқалари давомидир.

Хусусан, Германия клиникаларида юқори лаб ва қаттиқ танглайнинг туғма нуқсонлари бўлган ва оёқларнинг туғма нуқсонлари (маймоқлик) ва бўйин қийшайиши билан боғлиқ туғма ортопедик касалликларга чалинган болаларни тезкор даволаш, куйишнинг асоратлари бўлган болаларни пластик операциялар қилиш борасидаги ишлар амалга оширилмоқда. 

Эслатиб ўтамизки, 2015 йилнинг 18-25 июн кунлари Германиялик мутахассислар томонидан республикамиз ҳудудларидаги жами 505 нафарга яқин бемор болалар тиббий кўрикдан ўтказилиб, 35 нафар бемор болаларнинг ҳужжатлари танлаб олиниб, Германия клиникаларида соғломлаштирилмоқда.

Жорий йилнинг 17 феврал куни эса Тошкент халқаро аэропортидан 11 нафар бемор болалар Германия клиникаларида даволаниш учун жўнаб кетишиб, 13 нафар бемор болалар даволаниш курсларини ўтаб, 21 февралда мамлакатга қайтишди.

Кўшимча қиламизки, “Соғлом авлод учун” фонди, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Германиянинг “Friedensdorf International” халқаро ташкилоти томонидан ҳамкорлик битими 2002 йилда имзоланган эди.

 Германиянинг “Friedensdorf International” халқаро ташкилоти 1967 йили ташкил топган бўлиб, 35 дан ортиқ давлатлар билан ўзаро хамкорлик қилади. Ташкилотнинг асосий вазифаси 12 ёшгача бўлган бемор ва ногирон болаларни даволаш ва реабилитация қилишда ёрдамлашиш.

2002-2016 йилларда Ўзбекистондан 300 зиёд болалар Германияга бепул даволанишга жўнатилди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: