Ўзбекистонлик ёш пианиначи илк марта Карнеги-холл саҳнасига чиқади
Тошкент. 25 октябр. ЎзТАГ – 17 ноябрда Ўзбекистонлик ёш пианиначи Беҳзод Абдураимов илк марта Нью-Йоркдаги Карнеги-холл саҳнасига чиқади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) мусиқачининг Facebookдаги саҳифасига асосланган ҳолда.
Унда таъкидланишича, ўзбек мусиқачиси концертда И.С.Бах, Ф.Шуберт, Людвиг ван Бетховен, С.С.Прокофьев ва М.А.Балакиревнинг асарларини ижро этади.
Эслатиб ўтамизки, Б.Абдураимов Тошкентда туғилган бўлиб, Успенский номидаги Республика мусиқа лицейида таҳсил олган. 8 ёшида Ўзбекистон Миллий симфоник оркестри билан бирга чиқиш қилган. 2009 йилда Лондондаги халқаро пианиначилар конкурсида ғалаба қозонган. Сўнгра Парк университетининг (Канзас-Сити, АҚШ) Халқаро мусиқа марказида таълимни давом эттирган. Лос-Анджелес филармоник оркестри, Бостон симфоник оркестри ва бошқалар билан бирга концертларда қатнашган.
Карнеги-холл (ингл. Carnegie Hall) – Нью-Йорк Манхэттенидаги Еттинчи авеню ва 57-кўчада жойлашган машҳур концерт зали бўлиб, унга 1891 йилда асос солинган. Бугунги кунда зал мумтоз мусиқа бўйича дунёдаги энг нуфузли майдонча ҳисобланади.