Ўзбекистонлик ёш шахматчилар Осиё ўйинларида 10 совринни қўлга киритдилар
Тошкент. 4 апрел. ЎзТАГ – Ўзбекистонлик ёш шахматчилар тезкор шахмат бўйича ёшлар ўртасида Осиё чемпионатида 10 совринни қўлга киритдилар, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Осиё биринчилиги Тошкентда 8, 10, 12, 14, 16, 18 ёшли юниорлар ўртасида бўлиб ўтмоқда, деб хабар қилади Ўзбекистон Шахмат федерацияси.
Юниорлар ўртасида рапид турнири швейцар тизимида 7 турда биринчи юришдан бошлаб ҳар бир юришга 15 дақиқа + 10 вақт назорати билан ўтказилди.
Ўзбекистонлик ёш шахматчилар совринлари орасида 3 олтин ҳам бўлиб, уни IM Воҳидов Шамсиддин (16 ёшгача ўсмирлар), FM Нигматов Ортиқ (18 ёшгача ўсмирлар) ва WGM Тоҳиржонова Гулруҳбегим (18 ёшгача қизлар) қўлга киритди, жамоада яна 4 кумуш ва 3 бронза медаллар ҳам бор.
Натижада, Ўзбекистон болалар-ўсмирлар термаси рапид мусобақаси бўйича мазкур чемпионатда жамоалар ўртасида 1-ўринни эгаллади. 2-ўринда Ҳиндистон (5 медал), 3-ўринда Қозоғистон (4 медал) термалари бор.