Ўзбекистонлик зиёратчилар учун умра квотаси деярли 2 баробарга оширилади

Дата: 14:06, 20-06-2017.

Тошкент. 20 июн. ЎзТАГ – 2018 йилдан бошлаб Ўзбекистон фуқаролари учун Саудия Арабистонига кичик ҳаж зиёрати (умра) квотаси йилига деярли 2 баробарга: 6 мингдан 10 минггача оширилади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Бу Вазирлар Маҳкамасининг 7 июндаги қарорида кўзда тутилган.

Шунингдек, зиёратчилар учун имтиёзли авиачипталар жорий этилади.

Қарор фуқароларнинг мусулмон қадамжойларига ташриф буюришлари учун янада кенг имкониятлар яратишга йўналтирилган, дея таъкидланади хужжатда.

“Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпаниясига зиёратчилар учун авиачипталар нархини камайтириш вазифаси топширилди. Бундан ташқари, зиёратга бориш учун навбатда турган зиёратчиларнинг доимий яшаш жойи ўзгарган тақдирда, уларнинг аввалги манзили бўйича жаҳ ва умра навбати сақланиб қолиши белгиланди.

Дин ишлари бўйича қўмита ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идорасига жойлардаги ҳукумат органлари билан биргаликда ҳаж ва умра сафарларига борадиган фуқаролар рўйхатининг холисона ва ижтимоий адолат мезонлари асосида шакллантирилиши ҳамда муқаддас зиёратларни ташкил қилишда белгиланган тартибга қатъий риоя этилишини таъминлаш топширилди.

Икки ой муддатда Мусулмонлар идораси сайтида ҳаж ва умра сафарига борадиган зиёратчиларнинг ягона онлайн навбат тизими шакллантирилади.

Эслатиб ўтамизки, 2017 йилда Ўзбекистондан Саудия Арабистонига зиёратчилар учун ажратилувчи умумий квота миқдори 2016 йилдагига нисбатан 20%га оширилиб, 13,2 минг нафарга етказилган эди. Шу жумладан, ҳаж зиёрати учун квота 1,4 баробарга оширилиб, 7200 нафарни ташкил этган бўлса, умра учун бу миқдор 6000 даражасида (5350 киши баҳорги, 650 киши ёзги мавсумда) сақлаб қолинган эди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: