Ўзбекистонлик зиёратчиларнинг илк гуруҳи Саудия Арабистонига жўнаб кетди
Тошкент. 16 сентябр. ЎзТАГ – “Ҳаж-2014” мавсумидаги 499 кишидан иборат Ўзбекистонлик илк зиёратчилар гуруҳи Саудия Арабистонига зиёратга жўнаб кетди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“Саудия Арабистони Қироллигининг Ҳаж ишлари бўйича вазирлиги билан келишувга мувофиқ бу йили 5200 ватандошимиз Ҳаж зиёратига боради. Уларнинг бари 15-26 сентябр кунлари Ўзбекистон миллий авиакомпанияси томонидан Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Термиз, Фарғона, Андижон ва Урганч шаҳарларидан Мадинага олиб борилади. Жорий йилда зиёратчиларга хизмат кўрсатиш учун жами 30 шифокор, 10 миллий таомлар ошпазлари жалб қилинган”, – деб таъкидлашди Дин ишлари кўмитаси матбуот хизматида.
Ўзбекистонликлар зиёратларини Мадинадан бошлаб, бу ерда 3 кеча ва 4 кундуз ўтказадилар. Кейин зиёратчилар Маккага йўл олиб, бу ерда Ҳажнинг асосий амалларини бажарадилар.
9-20 октябр кунлари эса зиёратчилар ватанларига қайтиб келадилар.