Ўзбекистонликлар барча даромадларининг учдан бирдан кўпини тадбиркорлик фаолиятидан оладилар

Дата: 13:56, 16-01-2018.

Тошкент. 16 январ. ЎзТАГ – Ўзбекистонликлар барча даромадларининг учдан бирдан кўпини тадбиркорлик фаолиятидан оладилар, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Шунингдек, меҳнат фаолиятидан олинган даромадларнинг кейинги асосий манбаи мустақил равишда банд бўлишдан олинган даромадлар ҳисобланади. Мазкур соҳага асосан аҳолининг иқтисодиётнинг турли тармоқларидаги якка тартибдаги тадбиркорлик фаолияти киради. 2017 йил январ-декабр ойларида мустақил равишда банд бўлишдан олинган даромадларнинг номинал ўсиш суръати 114,6%ни ташкил этди. Аҳоли умумий даромадлари ҳажмида ушбу даромад манбаи катта аҳамиятга эга бўлиб, унинг улуши 34,5%ни ташкил этди”, - дейилади Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси матбуот хизмати хабарида.

Таъкидланишича, мустақил равишда банд бўлишдан олинган даромадлар эгаллаган улушига кўра аҳоли жами даромадларига сезиларли таъсир кўрсатади. Мустақил равишда банд бўлишдан олинган даромадларнинг 1%га ўсиши умумий даромадлар ҳажмининг 0,37%га ўсишига олиб келади.

Шу билан бирга, ҳудудларда мустақил равишда банд бўлишдан олинган даромадларнинг улуши турлича ва 18%дан (Тошкент шаҳрида) 42,8%гача (Жиззах вилоятида) ўзгариб туради. Мустақил равишда банд бўлишдан олинган даромадларнинг учдан бир қисми (32,3%и) Самарқанд (11,1%), Тошкент (11,0%) ва Андижон (10,2%) вилоятлари ҳиссасига тўғри келади.

Сурат манбаи: http://english.vietnamnet.vn/fms/business/137081/vietnamese-stock-market-now-attractive-to-foreign-investors.html

Янгилик билан ўртоқлашиш: