Ўзбекистонликлар дунёнинг 54 мамлакатига виза олмасдан боришлари мумкин

Дата: 15:50, 31-07-2014.

Тошкент. 31 июл. ЎзТАГ – Ўзбекистонликлар дунёнинг 54 мамлакатига виза олмасдан боришлари мумкин, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ушбу маълумотлар Henley & Partners консалтинг агентлиги томонидан тузилган Виза чекловлари индексида эълон қилинди. Мазкур индексда мамлакат 74-ўринда жойлашган.

Анъанага кўра, индексда Финляндия, Швеция, Германия, АҚШ ва Буюк Британия етакчилик қилмоқда. Ушбу мамлакатлар фуқаролари жаҳоннинг 174 мамлакатига визасиз боришлари мумкин. Энг ёмон натижаларни Покистон, Сомали ва Ироқ каби мамлакатлар кўрсатдилар.

Марказий Осиё мамлакатлари орасида энг яхши кўрсаткич Қозоғистонга тегишли (64-ўрин), ундан кейин Қирғизистон (70-ўрин), Тожикистон (75) ва Туркманистон (79) бормоқда.

Эслатиб ўтамизки, Виза чекловлари индекси Henley & Partners консалтинг компанияси томонидан тузилган бўлиб, унда 219 мамлакатга бориш имкониятлари таҳлил қилинган.

Шунингдек, рейтинг давлатнинг фаровонлиги ва очиқлиги ҳамда унинг фуқароларининг бошқа мамлакатларга виза олмасдан бора олиш имконияти ўртасидаги боғлиқлик мавжудлигини ҳам тасдиқлайди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: