Ўзбекистонликлар Германиянинг йирик шаҳарларида корпоратив бошқарув бўйича ўқув курсидан ўтдилар
Тошкент. 11 декабр. ЎзТАГ – Яқинда Корпоратив бошқарув илмий-таълим маркази ҳамда Германиянинг Европа менежменти ва технологиялари мактаби томонидан ташкил этилган корпоратив бошқарувнинг замонавий усулларини жорий этиш, хўжалик бошқаруви органлари, акционерлик жамиятлари ва хусусий корхоналарда корпоратив бошқарувчи кадрлар малакасини халқаро талабларга мувофиқ ошириш, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик тузилмаларини малакали кадрлар билан таъминлаш бўйича икки ҳафталик малака ошириш курси якунланди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“Германиянинг йирик шаҳарларида бўлиб ўтган амалиётларда Ўзбекистондаги хўжалик жамиятларининг 40 яқин раҳбар ва масъул ходимлари ўз билим ва кўникмаларини мустаҳкамладилар. Тингловчилар учун бизнес-моделлаштириш бўйича ўқув машғулотлари ташкил этилди, улар корпоратив бошқарув тизимидаги инноватцион ўзгаришлар билан танишдилар, бундан ташқари ўз амалиётига корпоратив бошқарувнинг илғор усуллари ва замонавий менежментни тадбиқ этган Германиянинг етакчи банклари ва йирик компанияларининг фаолиятлари билан яқиндан танишдилар”, - дейилади Давлат рақобат қўмитаси сайтидаги хабарда.
Ўқув курслари якунида тингловчиларга Европа менежмент ва технологиялар мактабининг сертификати тантанали равишда топширилди.
Эслатиб ўтамизки, Европа менежмент ва технологиялар мактаби Германиянинг 25 та етакчи компаниялари ташаббуси билан 2002 йилда ташкил этилган бўлиб, бугунги кунга келиб ушбу мактаб дунёнинг энг яхши мактаблари йигирмаларига, Европанинг энг яхши бизнес мактаблари ўнталигига кирган, Германияда эса биринчи ўринни эгаллаган.