Ўзбекистонликлар “мамлакатдаги реал демократик ўзгаришларни қўллаб-қувватлайдилар”

Дата: 14:29, 10-04-2018.

Тошкент. 10 апрел. ЎзТАГ – “Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази аҳолининг Ўзбекистон Президентнинг Олий Мажлисга Мурожаатномаси моҳияти ва асосий йўналишларидан хабардорлик даражасини аниқлади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Хусусан, аҳолининг мутлақ кўпчилиги давлат раҳбарининг Олий Мажлисга Мурожаатномаси давлат ва жамият муносабатларининг либераллашаётгани, реал демократик ўзгаришлар амалга оширилаётганидан далолат берадиган, мамлакатимиз сиёсий тизими учун тарихий аҳамиятга эга янгилик бўлди, деган фикрда якдил. Сўров фуқароларнинг мутлақ кўпчилиги Мурожаатноманинг асосий мазмунидан яхши хабардор экани ҳамда Президентимизнинг давлат ва жамият қурилиши тизими самарадорлигини ошириш бўйича стратегиясини тўлиқ қўллаб-қувватлашини кўрсатди.

Фуқароларнинг 84,2% давлат раҳбарининг Олий Мажлисга Мурожаатномасида баён қилинган фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, жамиятда қонун устуворлиги ва ижтимоий адолатни таъминлашга қаратилган таклифларни қўллаб-қувватлайди.

Аҳолининг 89,8% Шавкат Мирзиёев томонидан Мурожаатномада белгилаб берилган давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштиришнинг мақсад ва вазифалари, истиқболли йўналишларини қўллаб-қувватлайди.

Фуқароларнинг 65,5% таълим тизимини янада такомиллаштириш, мактабгача таълим муассасалари, мактаб, лицей, коллеж, олий ўқув юртлари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш борасида белгиланган вазифалар Мурожаатноманинг муҳим йўналишларидан бири, деб ҳисоблайди.

Тадқиқот натижаларининг кўрсатишича, сўровда иштирок этганларнинг асосий қисми мамлакат хавфсизлигини мустаҳкамлаш йўлидаги саъй-ҳаракатларнинг пировард мақсади минтақамизда тинчлик ва барқарорликни таъминлашдан иборат, деб ҳисоблайди.

Сурат манбаи: https://uzbchron.wordpress.com/2016/12/06/narusheniya-vybory-uzbekistan/comment-page-1/

Янгилик билан ўртоқлашиш: