Ўзбекистонликлар оилада тўрт бола бўлишини афзал кўришади

Дата: 08:42, 02-05-2014.

Тошкент. 2 май. ЎзТАГ - Ўзбекистонликлар оилада тўрт бола бўлишини афзал кўришади. Бундай хулосага “Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази сўрови муаллифлари келдилар, дея хабар беради “Правда Востока” газетаси.
«Ўзбекистон аҳолисининг репродуктив йўналиши» мавзусида ўтказилган сўровнинг кўрсатишича, сўровда қатнашган ўзбекистонлик оилаларнинг 25 фоизи икки фарзандли, 23,6 фоизи эса уч фарзандлидир. Айни пайтда биринчилари орасида шаҳарликлар кўпчилик. Айниқса, қишлоқ оилалари кўп болали: уларнинг 14,5 фоизида тўрт бола бор. Сўровдаги оилаларнинг атига 6,5 фоизи беш фарзанни, 4,9 фоизи эса олти фарзандни тарбия қилмоқда.
Шу билан бирга “Оилада қанча фарзанд бўлса яхши?” деган саволга кўпчилик ўзбекистонликлар “тўртта” деб жавоб берган. Қишлоқ аҳолисининг аксарияти – 37,6 фоизи бу сонни энг тўғри деб билади, шаҳарликларнинг 31,7 фоизига эса оилада икки бола бўлгани мақбул.
21 ёшдан 24 ёшгача ва 25 ёшдан 29 ёшгача бўлган сўров иштирокчиларининг кўпчилиги (навбати билан 37,3 ва 32,6 фоизи) икки фарзанди бўлишини исташини маълум қилган. Булардан каттароқ бўлган 30 ёшдан 39 ёшгача бўлган сўров иштирокчиларининг 33,5 фоизи эса оилада тўрт нафар фарзанд бўлиши зарур деб ҳисоблайди. 40 ёшдан 49 ёшгача бўлган аёл ва эркаклар орасида эса бу фикрга қўшилувчилар сони янада кўп – 41,8 фоиз.
Сўровномада қатнашганларнинг кўпчилиги – 25,2 фоизи икки фарзандли бўлишни, 24,7 фоизи эса уч, 17,8 фоизи тўрт фарзандли бўлишни режалаштиряпти. Тўрт фарзандли оила қуриш ниятида бўлганларнинг 21 фоизи шаҳарликлар, 14,2 фоизини эса қишлоқ аҳолисидир. Қизиғи шундаки, оиладаги болалар сонини белгиловчи асосий омиллар сифатида сўров иштирокчилари оиланинг иқтисодий аҳволи ва эр-хотинларнинг саломатлиги кўрсатилган, деб ёзади нашр.

Янгилик билан ўртоқлашиш: